Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига асосан, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ ишчи гуруҳи 2021 йил 23 ноябрь кунидан, Қашқадарё вилоятида жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш бўйича ишлар аҳволини ўрганиш ва бу борадаги фаолиятни янада жадаллаштириш мақсадида ўз ўрганишларини давом эттирмоқда.
 
Хусусан, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Қарши шаҳридаги “Отчопар” маҳалласида ташкил этилган ППХ “Кузатув маскани”, вилоят ЙҲХБ биносида барпо этилаётган “Ситуацион маркази”, шунингдек, Қарши шаҳридаги “Хонтепа” ва Қамаши туманидаги “Бунёдкор” маҳаллаларидаги “Ҳуқуқ-тартибот маскан”ларининг фаолияти билан танишиб, сектор раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
 
 
Ишчи гуруҳ аъзолари учта кичик гуруҳларга бўлиниб, 23-24 ноябрь кунлари Миришкор, Нишон, Яккабоғ, Касби, Шаҳрисабз, Косон ва Китоб туманлари ҳамда Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилнинг 12 февралида ўтказилган ИИВ Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси давомида берилган топшириқларнинг амалий ижроси қай даражада бажарилаётгани билан яқиндан танишди.
 
 
Ўрганишлар давомида туман ва шаҳарларни жиноятдан ҳоли намунали ва хавфсиз ҳудудга айлантириш, шунингдек, ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ва бу борада туман-шаҳарларда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар томонидан амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволини ўрганиш, ҳудуд раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббусларининг самарадорлиги ўрганиб чиқилмоқда.
 
 
Шу билан бирга ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказиш, маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, аҳолининг мавжуд муаммоли масалаларини аниқлаш ва ҳал этиш  ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи гуруҳ фаолиятининг якуни бўйича Қашқадарё вилоятида аниқланган муаммоли масалалар ва уларнинг ечими бўйича кўриладиган чоралар вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда барча сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган йиғилишда муҳокама қилинади.
 
Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлар давом этмоқда.
25-11-2021 |
Фото галерея