Куни кеча Муҳтарам Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, таълим ва тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш, қисқа қилиб айтганда жамиятдаги барча соҳаларни “Янги Ўзбекистон”га мос равишда янги босқичга олиб чиқишни ўзида акс эттирган 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони имзоланди.

Давлат дастури жами 274 банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 20 та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича – 18 та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши бўйича 113 та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93 та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30 та бандни ташкил этади. Шунингдек, Фармон билан Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм, 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар кўзда тутилган.

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур Давлат дастури лойиҳаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши жараёнида вилоятимизнинг фаол ва ташаббускор фуқаролари ҳам ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этишганлиги ўз навбатида мамлакатимизда фаол фуқаролик жамиятининг ривожланаётганлигидан далолатдир.

Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган ушбу Давлат дастурининг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишни ўз ичига олган десак айни ҳақиқатдир.

Биргина ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни таълим олишга бўлган қизиқишини амалда рўёбга чиқариш йўналишини оладиган бўлсак, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилмоқда.

Олий таълим муассасаларида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони
25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилиши ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир.

Албатта, дастурни ишлаб чиқиб тасдиқлаш бир томон бўлса, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш иккинчи муҳим масала ҳисобланади.

Президент Фармонининг 26-бандида Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриб бориш бўйича муҳим вазифалар юклатилди.

Шундай экан, Муҳтарам Юртбошимиз бот-бот таъкидлаганлари каби “Янги Ўзбекистонни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қўрамиз”, деган тамойили асосида бугунги туб ўзгариш ва ислоҳотларни юртимиздаги ҳар бир фуқаро онгига етиб боришини таъминлаш фуқаролик жамияти институтларининг асосий вазифаларидандир.

 

Даврон Шодмонов

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Қашқадарё вилояти бўлинмаси раҳбари

06-02-2021 |
Фото галерея