Ушбу полигоннинг очилиш маросимида вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, фахрийлар, нуронийлар ва ёшлар иштирок этишди.

Бир пайтлар мазкур полигонда ҳарбий хизматчилар қисқа вақт давомида турли палаткалар ва вагонларда қийин шароитларда яшаб, ўқув машқларини ўтказишган. Ҳудудда олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида полигонда замонавий шароитларга эга мажмуа барпо этилди. Замонавий кутубхона, 600 кишилик ошхона, дам олиш хоналари, тиббиёт пункти, ёпиқ ва очиқ ўқув хоналари, ёпиқ ва очиқ турдаги спорт заллари, унча-мунча замонавий меҳмонхонани ҳам ортда қолдирадиган кенг ва ёруғ ётоқхоналар ҳарбий хизматчилар ихтиёрига топширилди.

Очилиш маросимида сўзга чиқган вилоят раҳбари Зойир Мирзаев “Нуристон” ҳарбий полигони аскарларини яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

- Ушбу полигонда 600 нафар аскар ҳар қандай ҳолатга шай туради, - дейди вилоят раҳбари. - “Нуристон” дала-машқ майдонида яратилган имкониятлар ушбу полигон аскарларининг халқаро даражадаги йирик спорт мусобақаларида муносиб иштирок этишларида катта замин яратади.

Вилоят раҳбарининг сўзидан сўнг Ватан ҳимоячилари куни арафасида дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчилар совғалар билан тақдирланишди.

Шу куни очилиш маросими иштирокчилари автобусда юриб, жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини ҳам кузатишди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

11-01-2021 |
Фото галерея