Бешафқат ўлим халқпарвар инсон, фидойи ва жонкуяр раҳбар Ғайрат Турдиевич Бегалиевни 54 ёшида орамиздан олиб кетди.

Ғайрат Бегалиев оддий меҳнаткаш оиласида туғилди. Отаси Турди ака хўжаликда ишчи, онаси Маҳкамтош ая эса 8 нафар фарзандни тарбияси билан машғул уй бекаси бўлган.

У ёшлигидаёқ илмга чанқоқлиги ва ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Олийгоҳда ҳам  шижоати, интилувчанлиги ва ўткир зеҳни билан аниқ фанларни пухта ўзлаштирди. 1993 йилда Қарши аграр-иқтисодиёт институтини муҳандис-педагог мутахассислиги бўйича аъло баҳоларда тамомлади.

У фаолиятини 1982 йилда собиқ У.Юсупов тумани давлат хўжалигида механизаторликдан бошлади. Ўзига нисбатан талабчанлик, кишиларни бошқара олиш қобилияти эвазига оддий ҳайдовчиликдан ширкат хўжалиги бошқаруви раиси лавозимигача кўтарилиб борди.

2001-2002 йилларда туман деҳқон-фермер хўжаликлари уюшмаси раиси, 2002-2003 йилларда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, 2003-2003 йилларда Миришкор тумани деҳқон-фермер хўжаликлари уюшмаси раиси, 2003-2004 йиллар давомида Қашқадарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси қишлоқ хўжалик корхоналарини таркибий ўзгартириш ва фермер хўжаликларини ривожлантириш бўлими бошлиғи, 2004-2006  йилларда Қашқадарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига қарашли қишлоқ хўжалик техникаси ва эҳтиёт қисмлар базаси директори, 2006-2008 йилларда Қашқадарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига қарашли "Агротаъминот" муқобил машина-трактор парки директори, 2008-2016 йилларда Қашқадарё вилояти “Агротаъминот” муқобил машина-трактор парки директори ўринбосари, 2016-2017  йилларда Қашқадарё вилояти “Агротаъминот” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, 2017 йилда Қашқадарё вилояти Фермерлар Кенгаши раиси вазифаларида ишлади.

У Қарши тумани ҳокими (2017-2020 й.й.) сўнгра, Миришкор тумани ҳокими вазифасидаги меҳнат фаолияти давомида - ҳар икки туман аҳолиси ва жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлди. Қисқа вақт ичида илми, фидойилиги, жонкуярлиги билан эътибор қозонди.

Умрининг сўнгги кунларига қадар у одамларнинг ишончи ва меҳрини қозонган раҳбар сифатида ватан равнақига ҳисса қўшди.

Турмуш ўртоғи Замира опа билан 4 нафар фарзандни камолга етказди. Тўрт ўғил ҳам ота изидан бориб, бугун турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Эл фаровонлиги, юрт тараққиёти учун хизмат қилишни ҳар недан устун қўйган, ҳақиқий дўст, фидойи раҳбар, меҳрибон инсон Ғайрат Бегалиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий муҳрланиб қолади.

Зойир Мирзаев, Эркабай Таджиев, Шухратжон Сатволдиев, Азамат Бозоров, Январь Иноятов, Абдурахим Иркаев, Муҳаббат Шаропова.

11-09-2020 |
Фото галерея