Маълумки, депутатлар халқ ва ҳукумат ўртасидаги уларни боғлаб турувчи кўприкдир. Депутатлар ҳам эндиликда чин маънода халқ вакиллари эканликларини амалда намоён этмоқдалар. Ташаббускор, одамлар дарду ташвиши билан юрадиган фидойилар саъй-ҳаракати билан кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда.

Халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутати Феруза Аҳмедова сайловчилари билан тез-тез учрашиб туради. Юзма-юз мулоқотлар давомида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан,  Қарши тумани Қоратепа МФЙда яшовчи аҳоли билан ўтган сайёр қабул давомида аҳоли ички йўллар носозлигидан қийналишганини айтишди. Ўрганиш давомида қишлоқдаги Мустақиллик кўчасидан ўтган икки километрлик йўл ҳақиқатдан таъмирга муҳтожлигини, қишда лой, ёзда чанг кўчанинг серқатновлигини кўрди, ҳар улов ўтганида ҳавога кўтарилаётган чанг аҳоли хонадонларига бориб урилишининг гувоҳи бўлди. Йўл четида ўйнаб юрган ёш болаларнинг тупроқ билан қоришиб қолганини кўриб, бу носозлик одамларнинг саломатлигига зиён етказишини ўйлаб, дарҳол тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборди.

Бугун эса депутатнинг саъй-ҳаракати билан Қарши тумани, Қоратепа МФЙ кучаларида иш қизғин. Йўлсозлар эртаю кеч ишлашиб, 2 километр масофадаги носоз йўлни таъмирлаб, асфальт ётқизишмоқда.

-Неча йиллардан буён бизни қийнаб келган носоз йўл депутат аралашуви билан ҳал бўлди,  - дейди Мустақиллик кўчасида яшовчи Раъно Абраева. - Уйимиз ёнидан ўтган бу кўчадан кўтарилган чанг-тузон сабабли маҳалламизда ўткир нафас йўллари касалликлари билан оғрийдиганлар кўп.  

Ҳудуд ҳуснига ҳусн қўшиб, одамларга қулайлик яратаётганидан мамнун бўлган депутат эса аҳоли дардини тинглашда давом этади.

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши

05-06-2020 |
Фото галерея