Мамлакатимизда айни синовли кунларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам бу каби хайрли ишларга қўл урилиб, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.

Куни кеча, бошқарма раҳбарияти ва бўлим бошлиқлари томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги байрами арафасида тизимда кўп йиллар меҳнат қилган ва ҳозирда нафақада қарилик гаштини сураётган отахон ва онахонлар ҳамда меҳрга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

Гуруҳ аъзолари Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи ва ҳозирда нафақада бўлган Равиль Бухарметов ва Шохида Эшонқулованинг хонадонларига ташриф буюриб, байрам билан табриклашди. Кўп йиллар давомида божхона бошқармасида қоровул ва хизмат хоналари фарроши бўлиб ишлаган бу отахон ва онахон, ўзларининг ҳалол меҳнати ва фидойилиги билан божхона ходимлари ҳамда эл орасида обрў қозонган.

Маълумот учун, бугунги кунда айнан божхона бошқармасидан нафақага чиққан юздан зиёд инсонлар вилоятимизнинг турли ҳудудларида умргузаронлик қилмоқда. 

Байрам арафасида ўтказилган ушбу хайрли тадбирда ўнга яқин хонадонларга борилиб, байрам совғаси ва керакли озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 

Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати

29-08-2020 |
Фото галерея