Коронавирус... Ҳозир энг кўп ишлатилаётган сўз шу бўлса керак. Бу хавфли пандемия ҳаммани ваҳимага солди.

Бироқ, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги, саҳоватпешалиги айни пайтда кўзга кўринмоқда. Биров озиқ-овқат маҳсулотларини бозор нархидан ярмига сотаётган бўлса, бошқа бирови камхарж оилаларга пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли буюмларни туҳфа этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда аҳолини ваҳимага солиш мақсадида бозор ва савдо мажмуаларида нархларнинг ошганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг акси ўлароқ, Касби туманида бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда.

Туман деҳқон озиқ-овқат бозорида туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Касби туман бўлими ҳамда туман чорвачилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликлари  ташаббуси билан коронавирусдан сақланиш борасидаги карантин вақтида нарх-навони ўсиб кетишини олдини олиш ҳамда аҳолига қулайлик туғдириш мақсадида сабзавотлар ва гўшт маҳсулотлари нархига чегирмалар эълон қилиниб, сотувга чиқарилмоқда. Жумладан, гўшт маҳсулотлари 20 минг сўмдан бўлса, картошка 3300 сўм, сабзи 1500 сўм, тухум 500 сўмдан сотилмоқда.

Касби туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев нарх-навонинг асоссиз кўтарилиши ва маҳсулот етишмаслиги юзасидан ёлғон ахборотлар тарқалмаслиги учун туман бозорларида  бўлиб, нархлар бир хиллигини  сақлаш юзасидан топшириқлар берди.

Тумандаги ҳар бир ташкилот, муассаса раҳбар ва ходимлари коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш борасида турли тарғибот ишларини олиб бориш билан бир қаторда ночор, боқувчисини йўқотган ва кекса ёшдаги фуқароларга ёрдам тариқасида ун, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришмоқда. Бугунннинг ўзида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими тумандаги меҳнат фахрийларидан 45 нафарининг уйларига бориб уларнинг  холидан хабар олишди. 250 минг  сумдан пул  ҳамда кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширишди. Йўқланганлар орасидан 7 нафари юз ёшдан ошган онахонлардир.

Касби туманида коронавирусга қарши олиб борилаётган ислоҳотлардан яна бири  маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва фаолларининг ташаббусларидир. Улар коронавирусдан ҳимояланиш бўйича тарғибот ишларини маҳаллаларида самарали олиб бормоқда. Хориж сафарида бўлиб қайтган фуқаролар рўйхати тузилиб, тиббиёт ҳодими билан биргаликда назоратга олинган. Шу билан бир қаторда маҳалла раислари  “Менинг маҳалламга коронавирус даҳл қила олмайди” челленжини бошлашди.

Ушбу челленж доирасида улар ҳар бир аҳолига коронавирусдан ҳимояланиш, зарурати бўлмаганда уйда қолиш тавсияларини бериб боришмоқда.

 Касби тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари

 Г.Тугалова

24-03-2020 |
Фото галерея