Ғалла ўрим-йиғим мавсуми қизғин паллага кирган  бир пайтда вилоят ҳокимлиги ғалла ҳосилини ўриб олиш мониторинг маркази раҳбари Жуманазар Тангировнинг телефони устма-уст жиринглайди. Жуманазар ака эса бирорта қўнғироқни жавобсиз қолдирмайди. Ҳаммасига ҳозиру нозир. Қайси туманда нечта комбайн ишлаяпти, иш унумдорлиги қандай, неча центнердан дон ўриб-янчиб олинаяпти, қайси туманга комбайн етишмаяпти, ташиш техникалари, ғаллани қабул қилиш маскани, хуллас, бирорта жараён мониторинг маркази эътиборидан четда қолмайди.

Сабаби Жуманазар ака шу соҳанинг етук мутахассиси. Аграр соҳани миридан сиригача билади. 1980 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини битириб келганидан буён вилоятга аграр соҳа ривожи йўлида тер тўкиб келмоқда. Ғаллачилик ёки пахтачилик соҳасида рақамларни ёддан билади, компьютер адашса, адашадики, Жуманазар ака адашмайди. Ҳамкасблар, раҳбарлар шундай дейишади, унинг билимдонлигига қойил қолиб.

Жумуназар аканинг айтишига кўра, бугунги кунда вилоятимизда 141 минг гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонларда етиштирилган  ғалла ҳосилини тез ва соз саранжамлаб олиш борасида астойдил иш олиб борилмоқда. Воҳамиз бўйича бу йилги мавсумда 1 миллион 180 минг тонна дон ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда ва шу ҳосилнинг 507 минг тоннаси давлатга сотилади.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ғалла ўрим-йиғими илғорлари ҳар беш кунда рағбатлантириб борилмоқда. O`zLiDeP вилоят Кенгаши ҳам ана шу жараёнларда фаол иштирок этиб, илғор ғаллакорларни тақдирламоқда. Шу жумладан  узоқ йиллар аграр соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган етук мутахассис -  Жуманазар ака Тангировни ҳам партия муносиб рағбатлантирди. “Ташаккурнома” ва совғаларни O`zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Сирожиддин Одилов ва вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Арзиқул Шеров топширишди.

 O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

17-06-2020 |
Фото галерея