Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг жорий йил 12-13 ноябр кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш ва ҳудудни комплекс ривожлантириш масалаларига  бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Маълумот ўрнида, Давлатимиз раҳбари ташриф давомида бугунги бозор талаби ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Хусусан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этиш мумкин. 

Охирги 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотдаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушиб кетган.

Аҳолининг ичимлик суви таъминоти вилоят бўйича 50 фоизни, хусусан, Косонда 26, Деҳқонободда эса атиги 4 фоизни ташкил қилади. Қувурларнинг 60 фоизи таъмирталаб бўлиб қолган. Қарши шаҳрининг канализация тизими ҳам эскирган. Автомобиль йўлларининг 8 минг 700 километри яроқсиз ҳолга келган.

Вилоятнинг 88 мактабида “смена” кўрсаткичи юқори экани, бир нечта мактаб филиали биноси пахсадан қурилгани кўрсатиб ўтилди. Қашқадарё ёшлари олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича мамлакатда 13-ўринда. Бу йил 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига кира олмаган. Чекка ҳудудлардаги мактаблар айримлари ҳашар йўли билан пахсадан қурилган.

- Президентимиз "Бу ерга келишимдан асосий мақсад – сизлар билан бирга ҳудуд ривожига кучли туртки бериш бўйича аниқ вазифа ва чора-тадбирларни белгилаб олиш. Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада", дея таъкидлаганлари бежиз эмас, - деди йиғилишга раҳбарлик қилган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. - Мактаблар янада замонавийлашади ва 2021 йилда бирорта пахса деворли таълим муассасалари қолмайди. Керак бўлса, филиал мактаблар ҳам алоҳида ажралиб чиқади. Шунингдек, вилоятдаги 39 та кўприк қайта таъмирланади.

Йиғилиш якунида ҳар бир соҳани назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, улар орқали маблағларни мақсадли ва энг қолоқ нуқталарга йўналтиришга келишиб олинди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

21-11-2020 |
Фото галерея