Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди:

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш чора-тадбирлари дастурини молиялаштириш манбалари;

Саноат йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Хизматлар соҳаси, сервис инфратузилмаси, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари;

Таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Ирригация тизимини яхшилаш чора-тадбирлари.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:

а) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда:

бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди;

тасдиқланган дастур параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлайди ва бунда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;

б) муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши ҳолати юзасидан тизимли мониторинг олиб боради;

в) Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда ҳар чорак якунида Дастур тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлигини тегишлича вилоят ва шаҳар фаоллари йиғилишларида муҳокама қилади ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб боради.

Белгиланишича, Шаҳрисабз шаҳрининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган қисмида амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг фақат ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан келишган ҳолда, лойиҳаларнинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва лойиҳа ташаббускори билан биргаликда 2019 йилда “Шаҳрисабз текстил” МЧЖда аралаш ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш чораларини кўради.

Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилди.

                                    Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

04-08-2019 |
Фото галерея