Кейинги бир йил давомида вилоятимиздаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 366 нафар аскарга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш имконини берувчи сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида камида олти ой хизмат қилган муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари орасида тадбиркорлик фаолияти учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва кредитлар бериш тартибини тушунтириш бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар ва амалий машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган эди. Шунга мувофиқ, вилоятимиз ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда ҳам бу борада кўплаб ўқув-семинарлари ташкил этилди.

- Вилоятимиздаги Мудофаа вазирлигига қарашли 11 та ҳарбий қисмда ўтказилган ана шундай ўқув-семинарларга 679 нафар ҳарбий хизматчилар жалб этилди, - дейди Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш марказининг вилоят бўлинмаси директори Адҳам Тоҳиров. - Тегишли синовлардан сўнг 366 нафар муддатли ҳарбий хизматчи тегишли сертификатлар олишга лойиқ деб топилди.

Энди ушбу ёшлар муддатли ҳарбий хизматни тугатгач, уйга қайтиши билан сертификат асосида имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесларини йўлга қўйишлари мумкин бўлади.

С.АЛЛАЁРОВА

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

17-03-2019 |
Фото галерея