Ассалому  алайкум,азизлар! Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Инсон саломатлиги учун масъул, халқимизнинг соғлом ҳаёти ва узоқ умр кўриши йўлида ҳамиша жонкуяр бўлган Сиз қадрдонларимни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан табриклайман.

Бу дунёда инсон учун  соғлиқдан ортиқ бойлик йўқ. Ҳар бир мамлакатнинг қудрати ва салоҳияти, тиббиёт соҳасига қаратилган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитга боғлиқ. Чунки  соғлом фикр ичида соғлом ҳаёт кечираётган соғлом халқ қандай буюк ишларга қодирлигини яхши биламиз. Бу каби қарашларнинг нечоғлик долзарблиги  синовли кунларда, пандемия шароитида янаям яққол намоён бўлди. Умид билан қараб турган беморга кунни тунга улаб муолажа қилиш иши - тинимсиз изланиш, фидойилик ва жасоратни талаб қилади. Нажот истаб келган бемор учун, энг яқин маслакдош, дўст ва қадрдон шифокор бўлади. Бу эзгуликни намунаси, албатта. Бу борада фидокорлик кўрсатган барча тиббиёт ходимларидан миннатдормиз.

Айни пайтда миллий тиббиёт тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Муҳтарам Президентимиз қайд этганидек, соғлиқни сақлаш тизими давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо беради. Шунинг учун ҳам бу синовли кунларда тиббиёт ходимлари қасамёдларига содиқ қолган ҳолда кучли фуқаролик позициясини намоён этиб, миллат соғлиғи йўлида фидойилик билан меҳнат қилишлари  ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Президентимизнинг бугунги Сиз соҳа фидойиларига табригида ҳам “Халқимиз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради ҳамда машаққатли меҳнатингизни доимо муносиб қадрлайди.”, дея таъкидлади.

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни 2022 йил учун солиқ тушумлари ва бюджет параметрлари юзасидан  ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион. сўм ажратилиши кўзда тутилганлигини маълум қилди. Жумладан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион. сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатиш учун ҳам зарур маблағ берилиши режалаштирилган. Шунингдек, йиғилишда халқ таълими ва тиббиёт ходимлари иш ҳақини босқичма-босқич ошириш бўйича қўшимча маблағ йўналтирилиши алоҳида таъкидланди. 

Қадрли саломатлигимиз посбонлари!

Президент ва ҳукумат эътибори ҳамда Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли воҳамизда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотлар ўзининг самарасини кўрсатмоқда.

2017-2021 йилларда вилоят бўйича 312 янги хусусий тиббиёт муассасаси фаолиятини бошлади ва уларнинг сони 558 тага етди. Мазкур муассасалардаги ўринлар сони 2885 тани ташкил этади. Уларда 1142 нафар шифокор, 1676 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 640 нафар бошқа ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

Хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 3 та давлат- хусусий шерикчилик лойиҳаси амалга оширилиб, 35 та аутсорсинг ва 73 та ижара шартномаси имзоланди.

2022 йилда хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 580 тага етказилиб, 451 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг охиригача бундай шифо масканларининг сони 700 тадан ошиши, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари сони 5000 нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилда 8 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари, 1 та маҳаллада оилавий поликлиника ташкил этилди. Келгуси икки йил давомида 17 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 4 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Бугунги кунда вилоятдаги 12 та чекка ва олис ҳудудлар аҳолиси ҳам оилавий шифокор томонидан  кўрсатиладиган тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинди. Бу ерда фаолият олиб бораётган шифокорларга берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

2017-2021 йилларда тизимга 118 та махсус автотранспорт воситаси сотиб олинди. Узоқ ҳудудлар учун 3 та “Соболь”, 9 та “УАЗ” тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратилди. Яқинда тизимга 10 та “Wolksvagen” русумли  замонавий махсус автотранспорт воситаси берилди. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та “Исузу” автомашинаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобиль поликлиникаси учун тўлиқ тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 1 та махсус “Исузу” автобуси харид қилинди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида жорий йилнинг 9 ойида жами 2500 дан ортиқ  беморда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари муваффақиятли тарзда ўтказилди. Натижада пойтахтдаги ва хорижий давлатлардаги клиникаларга бўлган мурожаатлар сони 80 фоизга камайди. Филиалда айни пайтгача вилоятлар аҳолисидан ташқари Тожикистон, Афғонистон ва Туркия давлати фуқаролари ҳам дардларига шифо топишди. Шу тариқа бу ерда ички ва ташқи  тиббий туризм бўлими фаолиятига асос солинди. Швейцария, Россия, Германия, Польша ва Грузия давлатларининг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликда мунтазам равишда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари йўлга қўйилди ва филиал поликлиникаси тўлиқ электрон поликлиника шаклида фаолият юритмоқда.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида “Диабет-тўпиғ” бўлими янгидан барпо этилди. Бу ерда 1725 нафар бемор тўпиғида ва 305 нафар бемор қалқонсимон безида  жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Шунингдек, марказнинг 10 ўринли гемодиализ бўлимида 15501та гемодиализ сеанси ўтказилди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали биноларини таъмирлаш, беморларга ва уларнинг яқинларига қўшимча қулайликлар яратиш учун жами 800 миллион. сўм маблағ сарфланди. Бир қатор ускуна ва дори-дармонлар учун маҳаллий бюджетдан жами 6 миллиард 705 миллион. сўм ажратилди. Жорий йилда шифохона ҳаётида ўта муҳим янгилик - Ислом тараққиёт банки инвестицияси асосида онкологияда ноёб ҳисобланган масофавий нур-терапия ва брахиотерапия ускуналари олиб келиниб, ўрнатилди.

Хабарингиз бор, жорий ўқув йилида Қарши давлат университети тиббиёт факультети очилди ва 3 йўналишда 180 нафардан ортиқ талабага малакали шифокор ўқитувчилар томонидан сабоқ берилмоқда, халқаро нуфузли тиббиёт олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Вилоятнинг Ғузор, Касби туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган туманлараро  қўшма шикастланиш ва ўткир юрак-қон томир касалликлари марказлари  34 хил турдаги, жами қиймати 4,3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек, мазкур муассасаларда гемодиализ хизмати йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

2022 йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Оналар ва болалар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш кластери ташкил этилади. Мазкур кластер замонавий ва юқори технологияли асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унда ҳомиладор ва фертил ёшидаги хотин-қизларга, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга барча йўналишлар бўйича замонавий ихтисослашган ва юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилади.

Ҳурматли тиббиёт ходимлари, азиз дўстлар!

Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, ўта масъулиятли ва шарафли ишда Сизнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз ва фидокорона меҳнатларингизни қадрлаймиз. Тиб илмининг улуғ султони Абу Али ибн Синонинг муносиб издошлари сифатида эл эъзози ва эътирофига сазовор бўлишингиз тарафдоримиз.

Бугунги байрам билан яна бир бор қизғин табриклаб, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда улкан зафарлар, мустаҳкам соғлиқ, оилангизга файзу барака, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз! Эл дуосини олишдан асло чарчаманг, қўлларингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азизлар!

ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН ТАШАККУР!

13-11-2021 |

Янгиликлар









Фото галерея