Яқинда Қозоғистондаги машҳур "Нур-Ораз" спорт мажмуасида 2003-2004 йилларда туғилган ёш спортчилар ўртасида дзюдо бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Марказий Осиё мамлакатларининг энг сара ёш дзюдочиларини жамлаган мусобақада  Китоб туманидаги  36-ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сабина Файзуллаева ҳам иштирок этиб, якунда кумуш медални қўлга киритди.

Эътиборли томони, Сабина 2005 йилда туғилган бўлса-да, саралашдан муваффақиятли ўтиб, мамлакат термаси таркибида мусобақага йўл олган эди. Қолаверса, у 36 килограмм вазн тоифасига эга бўла туриб, 40 килограмм вазн тоифасида татамига чиқди. Аммо бу жиҳатлар унинг муваффақиятли иштирокига тўсиқ бўла олгани йўқ. Финалга қадар барча рақибларини ишончли мағлуб этиб келган Сабина фақат ҳал қилувчи баҳсда имкониятни бой бериб қўйди.

- Гарчи биринчи ўрин учун курашда мағлубиятга учраган бўлсам-да, бу мусобақа ўзимга нисбатан ишончимни янада орттирди, - дейди Сабина. - Август ойида Туркияда яна бир йирик турнир бор. Ҳозирда ана шу мусобақага қаттиқ тайёргарлик кўраяпман. Ниятим   дунёнинг энг йирик ареналарида татамига чиқиб, юртимиз байроғини баланд кўтариш.

Сабина Файзуллаева 2014 йилдан буён тумандаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида дзюдо билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. У шу вақтга қадар 3 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: Сабина Файзуллаева.

 Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

 

 

09-07-2019 |
Фото галерея