Қашқадарёдаги 32 оилада 67 нафар ўғил-қиз улғаяётган эди. Уларнинг ота-оналари ажрашишга қарор қилгач, бу болаларнинг тирик етим бўлиш эҳтимоли пайдо бўлди. Шунча қоракўзнинг бундан азобланган мурғак қалби, мунг тортган нигоҳларини тасаввур қилишнинг ўзи оғир. Бироқ...

Яқинда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова Қашқадарё вилоятида бўлиб, нотинч оилалар ва уларнинг муаммоларини ўрганиш ва яраштириш мақсадида очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказди.

Қарши шаҳридаги “Маданият уйи”да, Яккабоғ туманидаги “Қурилиш-саноат коллежи”да ўтказилган тадбирларда судга ажралиш учун ариза билан мурожаат қилган эр-хотинлар таклиф этилиб, уларга “Фарзанд-омонат” видеофильми намойиш қилинди. Фильмда оиланинг барбод бўлиши фарзандлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши ва бошқа салбий оқибатлар очиб берилган.

Бу аччиқ ҳаётий ҳақиқатга рўбарў келган ота-оналар, албатта, ўйланиб қолди. Болалари хорлик, зорликкина эмас, балки қаттиқ руҳий изтиробларга тушишини ўйлаб улар фикридан қайтди.

Ажрашишга қарор қилган жуфтликлар билан олиб борилган алоҳида суҳбатлар жараёнида бу маълум бўлди. Ажрашишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтирилгач, алоҳида яшаб юрган 32 жуфтлик ярашишга қарор қилди. Энг муҳими, ушбу оилаларнинг 67 нафар фарзанди энди ота-оналари бағрида улғаядиган бўлди.

Дарҳақиқат, қачонки оилалар тинч ва фаровон бўлса, жамиятда тинчлик ва фаровонлик бўлади. Шунинг учун ҳам оилани асраш, мустаҳкамлаш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида Олий суд билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланиб, ажрашиш учун ариза берган шахсларни дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбатдан ўтказиш ва ажрим юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилгани самарали усул сифатида эътироф этди.

Чунки ана шу йўл билан бузилаётган оилаларни сақлаб қолишга имкон қидирилмоқда ва кўп ҳолларда бу ўз ижобий натижасини кўрсатаётир.

2018 йилда айнан шу йўл билан 958 оила қайта тикланган эди. Бу эса юзлаб ўғил-қизнинг қора кўзларига қувонч, кўнглига ҳаловат инганини билдиради.

Бу каби хайрли ишлар давом этади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

26-03-2019 |
Фото галерея