Эндиликда вилоятдаги боқувчисини йўқотган ва яқинлари қарамоғида яшаётган ёшларни 4 та сектор раҳбарлари оталиққа олади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев 29 август куни мустақилликни 28 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган учрашувда маълум қилди.

- Президентимиз “Ёшлар билан тенг бўлиб, улар қалбидаги, юрагидаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлари билан яқиндан танишишни ўз фаолиятимнинг энг муҳим жиҳати деб биламан”, дея таъкидлаганликлари ҳам бежизга эмас, - деди вилоят ҳокими. – Шундай экан, биз раҳбарлар ҳам ёшларимизнинг тақдирига бефарқ қараш фикридан йироқмиз. Айниқса, боқувчисини йўқотган болажонлар, ёшлар ҳар томонлама кўмакка муҳтож. Уларни сектор раҳбарлари оталиққа олиб, таълим олишларига, моддий ва маънавий масалаларига кўмаклашади.

Учрашувда ёшларни қизиқишларига қараб сектор раҳбарлари ва бошқа вилоят ташкилоти раҳбарлари ўз оталиқларига олишди.

- Ички ишлар ходими бўлишни жуда орзу қилар эдим, - дейди Усмонов Жаҳонгир. – Бугун вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу орзуимни амалга ошиши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини, ўзим ҳам аъло баҳоларга ўқиб, одобли бола бўлишимни таъкидладилар. Ўртоғим Нодир эса, ҳоким бўлмоқчи. Уни вилоят ҳокими оталиққа олдилар.  

Шунингдек, учрашув давомида ёшларга куз-қиш мавсуми учун мактаб формалари ҳам байрам совғаси сифатида тақдим этилди.

Мустақиллик байрами муносабати билан эзгу сўз, эзгу амал, эзгу иш, эзгу ниятлар ила бошланган бу хайрли иш ҳали узоқ давом этиб, неча-неча кўнгилларга малҳам бўлади, деган умиддамиз.

Аҳрор СОДИҚОВ, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Фото: Муроджон Комилов.

 

30-08-2019 |
Фото галерея