Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бундай пурҳикмат нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Энг муҳими, неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Китоб –ҳаётни ўргатувчи мураббий” дея китобга таъриф беришлари бежизга эмас.

Бугун 8 июль куни Қарши шаҳрида Қарши давлат университети рўпарасида ўрнатилган ушбу монументнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир нафақат талаба-ёшлар, балки бутун вилоят аҳолисида катта таассурот қолдирди.

Мазкур монумент қайсидир маънода мамлакатимиз бўйлаб ёшларни китобхонликка жалб этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккур доираси ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. У оламни, ҳаёт ҳақиқатини, яхши-ёмонни терангроқ англайди. Нима учун дунёга келгану, нима билан ўзининг қадрли бўлган умрини ўтказмоқда, қайси амали фойдали ва қайси иши нотўғри экани борасида мушоҳада этади. Китобхон бўлган одам нафақат ўзи, балки оила аъзолари, фарзандлари ва атрофдагиларни ҳам китобнинг сирли олами томон чорлайди.

12 дона энг нодир асарлар тўплами акс этган ушбу монументда ўзига хос рамзий маъно мужассам. Бу ерда буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий, Абу Али Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Шароф Рашидов каби аллома ва мутафаккирлар, эл ардоқлаган таниқли шоир ва ёзувчилар номлари зикр этилганки, кишида фахр туйғусини уйғотади. Бундан ташқари “жавонга” Балзак, Шекспир, Пушкин каби жаҳон адабиётининг етакчи намояндалари ҳам киритилган.

– Университетимиз қошида мана шундай монументнинг ўрнатилиши бизни тўлқинлантирди, – дейди Қарши давлат университети 2-босқич талабаси Шоҳсанам Абдушукурова. – Китоб бебаҳо неъмат экани барчамизга маълум, лекин уни қадрият даражасига кўтариб, тарихга муҳрлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Интернет саҳифаларида Германияда буюк немис ёзувчи-шоирларининг асарлари ҳурматига қўйилган монументни кўргандим. Ўзбек адабиётида ҳам шундай буюк ижодкорлар ва уларнинг асрларга татигулик асарлари борки, улар дунё тамаддунига таъсир ўтказа оладиган даражада кучли. Мана бугун рамзий маънода улар ҳурматига биз ҳам монумент ўрнатдик. Бу монумент нафақат китобхонликка даъват қилади, балки ҳар дақиқада ўзбек адабиётининг боқий эканлигини эслатиб туради.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рузиев қатнашди ва нутқ сўзлади.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликка эътибор қаратилаётгани, айниқса, ёшлардаги мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани бир томондан, азалдан китобсевар халқимиз, шу жумладан ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан ҳозирги замон талаблари дараражасида жуда кенг имкониятлар яратишга қаратилган бўлса, иккинчи томондан, яқин вақт оралиғида Ўзбекистонимизнинг том маънода китобхонлар юртига айланишига хизмат қилади.

        

Суратларни Мурод Комилов олган.

Вилоят ҳокимлиги  ахборот хизмати.

 

08-07-2019 |
Фото галерея