Жорий йилнинг 27 август куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Ногирон ота: МИБ ходимлари оиламиз билан кўчага ҳайдаб, уйимизни муҳрлаб кетди” номли видеомурожаати юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ўрганиш ишлари олиб борди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 12.10.2018 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор А.Бекназаровни ундирувчи З.Худойкуловага тегишли низоли Деҳқонобод тумани, “Аэродром” МФЙ, А.Темур кўчасида жойлашган уч хонали турар жойдан мажбурий тартибда чиқариш белгиланган. Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Деҳқонобод туман бўлими иш юритувига 23.05.2019 йилда келиб тушган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, қарздор А.Бекназаров давлат ижрочиси томонидан ундирувчи З.Худойқуловага тегишли низоли уч хонали турар жойдан чиқиб кетиши тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан, ижро ҳужжати ижросини ихтиёрий бажаришдан бош тортиб келган.

Шунга кўра, давлат ижрочилари томонидан 07.06.2019 йилда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган ва А.Бекназаров суд қарорида кўрсатилган манзилдан мажбурий тартибда чиқарилган.

Аммо, қарздор А.Бекназаров давлат ижрочиларининг қонуний талабига зид равишда низоли уй-жойга қайта кириб олиб яшаётганлиги тўғрисида 18.06.2019 йилда ундирувчи З.Худойқулова Бюронинг Деҳқонобод туман бўлимига мурожаат қилган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 25 июнь куни такроран мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздор А.Бекназаров уч хонали турар жойдан чиқарилган ва ижро ҳужжати ижроси тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари, фуқаро А.Бекназаровга низоли хонадон масаласида суднинг қароридан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи судга мурожаат этиш ҳуқуқи ҳақида тушунтириш берилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг

Қашқадарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати.

29-08-2019 |
Фото галерея