Инсонда юртга, оилага муҳаббат ва садоқат ёшликдан   шаклланади. Ватанни севган, ардоқлаган кишидан эса асло ёмонлик чиқмайди. Шу маънода мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини ватанпарварлик руҳида вояга етказиш, улар онгига юрт ҳимояси муқаддас бурч эканини сингдиришга муҳим масала сифатида қаралади. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида ҳам бу борада қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. 

ДХХ Чегара қўшинларига қарашли, вилоятимизда жойлашган ҳарбий    қисмда бўлиб ўтган очиқ эшиклар куни ҳам ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг самарадорлигини ошириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, фуқаролик позициясини шакллантириш, ҳарбий хизмат борасидаги билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ташкил этилди.     Тадбирга Абдулла Орипов номидаги  мактаб-интернат ва Нишон туманидаги 15-мактабнинг 10-синф ўқувчилари ҳамда "Ёш чегарачилар" клуби аъзолари таклиф этилди.

- Маълумки, армия билан яқинлик халқда, ёш йигит-қизларда ҳарбий-ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади, - дейди майор Айбек Даулетмуратов. - Бу тадбирни ўтказишдан ҳам шу муддаони кўзлаганмиз. Очиқ эшиклар кунида ўқувчилар ҳарбий қисмдаги барча шароитлар, хусусан, кундалик иш жараёни, фойдаланишда бўлган замонавий қурол-яроғлар, меъёр билан тасдиқланган ҳарбий кийимлар, шунингдек, хизмат итларининг хатти-ҳаракатларини кўздан кечириш имконига эга бўлди. "Қаҳрамонлар хотираси барҳаёт" хотира майдонида эса ёшларга турли йилларда давлат чегарасини қўриқлаш чоғида мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар жасорати ҳақида сўзлаб берилди.  Шунингдек, ёшлар "Мард ўғлонлар номи барҳаёт" ва "Унутилмас ёрқин юлдузлар" китобларини мутолаа қилишди.

Собир НАРЗИЕВ

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

09-04-2019 |
Фото галерея