Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” қўрғончасида вилоят раҳбари Зафар Рўзиев кенг жамоатчилик вакиллари, журналист, блогер ҳамда тадбиркорлар билан учрашди.  “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар,  жорий йилнинг 21 июль куни “Эски Яккабоғ” қўрғончасида содир бўлган нохуш  воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирар экан, ҳамюртларимиздан, журналист, блогерлар ҳамда тадбиркорлардан узр сўради.

“Бу каби ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини обдон таҳлил қилдим, хатоларимизни англаб етдим. Титраб, бутун вужудим билан жавоб изладим. Яна  бир жиҳат бугунги кун  тадбиркори бунда икки – уч йил илгариги  тадбиркордан тубдан фарқ қилади. Бугуннинг тадбиркори Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан қандай фойдаланишни билади, нега энди биз бу ишга совуққонлик билан қарашимиз керак.

У қанча мехнат, сарф ҳаражат эвазига оиласи, яшаб турган ҳудуди фаровонлиги учун ҳисса қўшаётган бир пайтда нега энди унга тўғаноқ бўлишимиз керак? Узоқни ўйлаб, муроса мадора ҳамда босиқлик билан муаммони  ҳал этиш ўрнига жиззакилик, қизиққонлик қилиш мана қандай оқибатларга олиб келди. Яккабоғда бўлган воқеалар ҳар биримиз учун сабоқ бўлди.  Ҳар доим аҳоли билан, кўпни кўрган инсонлар билан кенгашиб иш юритиш кераклигини англамоқдаман. Мен вилоят раҳбари сифатида ҳамиша тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишга, халқимиз розилиги учун хизмат қилишга тайёрман ”  дейди вилоят ҳокими ўз сўзида.

Учрашув очиқ ошкора, таҳлилий руҳда, вилоят ва маҳаллий раҳбарлар ишига  танқидий назар кўринишида бўлиб ўтди. Блогер, журналист, тадбиркорлар томонидан саволлар берилди. Аччиқ ва очиқ фикрлар билдирилди. Журналистларга жавоб қайтарар экан, вилоят раҳбари “Эски Яккабоғ” қўрғончасида айни кунда олиб борилаётган ишлар, тадбиркорларга фаолият юритиши учун яратиб берилаётган имкониятлар, аҳоли манфаатлари ҳимояси учун ҳамжихатликда, кенгашган ҳолда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

                                                                                                 Зиёда Аминова

                                                                  Суратларни Мурод  Комилов олган.

04-08-2019 |
Фото галерея