Аччиқ бўлсада, базида шундай. "Шароити" кўтарсада, қонунда белгиланган алиментни ўз вақтида тўлаб, фарзанди келажаги учун ўз ҳиссасини қўшиш ўрнига, фуқаро Т.Д ўз мол-мулкини яширишга уриниш орқали алимент тўлашдан қочишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 03.04.2013 йилдаги қарздор Т.Ддан ундирувчи Қ.С фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг хар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ¼ қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қамаши туман бўлими иш юритувига 15.05.2013 йилда келиб тушган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Т.Д 02.01.2016 йилдан алимент пулларини тўламасдан келган. Натижада, унинг алимендан бўлган қарздорлиги 11.734.480 сўмни ташкил этган.

Бу давр давомида тегишли ташкилотларга мунтазам сўровномалар юборилган бўлсада, қарздор Т.Д. номида ҳеч қандай мол-мулклар йўқлиги аниқланган.

Шунингдек, қарздорнинг доимий яшаш манзили бир неча бор кўздан кечирилсада, ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклар аниқланмаган.

Шу билан бирга, бир неча маротаба маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиш борасида огоҳлантирилган.

Шундай бўлсада, 28.06.2019 йилда Т.Днинг яшаш хонадони ҳамда ёрдамчи хўжаликлари қайта кўздан кечирилганда, болали "тўриқ қашқа" оти мавжудлиги аниқланади.

Мазкур вазиятда Бюронинг Қамаши туман бўлими давлат ижрочилари икки бош отни хатлаш тўғрисида далолатнома расмийлаштириб, тегишли тартибда реализация қилиш учун олиб кетадилар.

"Мол бермоқ-жон бермоқ дегандай" қарийб икки ярим йил давомида алимент тўламасдан келган қарздор Т.Д. қайердандир 11.734.480 сўм пул топди ва алиментдан бўлган қарздорлигини тўлиқ қоплади ҳамда алимент пулини ўз вақтида тўлаб бориши борасида ваъдалар берди.

Шундан сўнг отлар Т.Дга қайтарилди.

Имкон борида мол қўлдан кетишини кутиш шартми?!

Ахир у фарзанддан азиз эмаску!!!

                                                                                               М.С.Эшимов

                                                                                            Мажбурий ижро бюроси

                                                                                            Қашқадарё вилояти бошқармаси

                                                                                              катта инспектори   

 

 

09-07-2019 |
Фото галерея