Қашқадарё вилояти Китоб туманида янги спорт мажмуаси – замонавий ёпиқ сузиш иншооти, сунъий қопламали футбол майдони, баскетбол ва теннис корти фойдаланишга топширилди деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Мажмуанинг иш бошлагани муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Вилоятда ёшлар, аёллар ва айниқса, болаларни спортга жалб этиш, уларнинг спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

      – Янги спорт мажмуасида спортчилар ва мураббийлар учун барча шароит яратилган, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи С.Одилов – Бундай замонавий шароитларда тобланган ёш спортчиларимиз халқаро мусобақаларда янада улкан ютуқларни қўлга киритади. 

Янги спорт мажмуасида спортчилар ва мураббийлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, мазкур спорт мажмуаси учун 6 миллиард 874 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. 

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рузиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиевлар иштирок этди  ва сўзга чиқди .

 Суратларни Мурод Комилов олган.

04-04-2019 |
Фото галерея