Яккабоғ тумани ҳокимлигида видеоселектор тарзида ўтказилган навбатдаги ҳокимлик соати йиғилишида Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев тадбиркорлар манфаати масаласига алоҳида эътибор қаратди,  барча шаҳар ва туман ҳокимларни, бошқа масъулларни   яна бир бор огоҳлантирди.

Ҳокимлик ходимлари янги давр билан баробар қадам ташлаши, одамлар билан мулоқот маданиятига эътиборли бўлиши, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларни чуқур англашлари  зарурлигини  таъкидлади.

“Тадбиркор – жигаримиз.  Жигарингиз оғришини хоҳлайсизми?! Йўқ, албатта. Шахсан, мен шундай ҳисоблайман. Тадбиркор кеча-кундуз елиб-югуриб, тиним билмай ҳаракатда бўлади. Қанча одамнинг бандлигини таъминлайди, иқтисодиётимизга  қанча фойда, наф келтиради. Нега унга беписанд муомалада бўлиш керак?! Нега уни ишидан, бизнесидан чалғитиб, бўлар-бўлмас талаблар қўяверасиз?!    Улари авайлаш керак, эҳтиётлаш керак.  Корига яраш керак. Иссиқ-совуғидан хабар олиш керак, бир сўз билан айтганда, унга барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш керак”. 

Маълумот учун айтиш керакки, вилоят ҳокими раҳбарлигидаги барча сектор раҳбарлари, Яккабоғда ташкил этилган штаб-палаткада фаолиятларини давом эттиришмоқда. Ҳар бир тадбиркор ёки тадбиркорликни бошламоқчи бўлган шахслар, шунингдек, фуқароларнинг турли масаладаги мурожаатлари юзасидан қабуллар уюштирилмоқда.  

                                                                                                   Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

30-07-2019 |
Фото галерея