Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Дилшод Турсунбаев Китоб туманидаги Башир маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.

Сектор ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокими ва ҳокимлик вакиллари, мутасадди идоралар раҳбарлари қатнашган тадбирда туман ички ишлар бўлими секторига қарашли 15 маҳалладан 215 фуқаро жам бўлди. Уларнинг 53 нафари турли масалаларда ўз мурожаатларини баён қилишди. Мурожаатлар асосан паспорт, имтиёзли кредит, кадастр, ер, уй-жой, ичимлик суви, таълим сифати, шу билан бир қаторда, янги трансформатор ўрнатиш ва яроқсиз ҳолга келиб қолган электр устунларини янгилаш, ногиронлик нафақаси олиш, ёшлар учун кутубхона, шунингдек, музей қуриш каби масалалар бўйича бўлди.

Шу асосда 12 та масала жойида ҳал қилинди, 18 таси ижрога йўналтирилди, қолганлари бўйича тегишли тартибда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шу куни туман бандлик бўлими томонидан иш билан таъминлаш, Ёшлар иттифоқи қуйи тизими ва тижорат банклари вакиллари иштирокида ёшларга имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан ярмаркалар ҳам ташкил этилди.

Н.ХЎЖАЕВ

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

04-04-2019 |
Фото галерея