Шундай ташаббускор ва ташкилотчи инсонлар бўладики, қаерга раҳбарлик қилмасин, жамоани янги-янги зафарлар сари ундаб, амалий ишлари билан барчага намуна кўрсатади. Ҳали кўп бўлмади, яқиндагина O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси сифатида иш бошлаган Шуҳрат Турсуновни кабинетидан топиш мушкул. Қачон қўнғироқ қилсангиз, воҳанинг қайси бир туманида аҳоли муаммолари билан шуғулланиб юрган бўлади. Ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий ишлар бугунги замон талаблари даражасида ташкил этиляпти, асосийси, партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ва фаоллар зиммадаги вазифаларга масъулият билан ёндашмоқдалар.

Ҳа, бугун партия ходимлари, депутат ва фаоллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тер тўкяпти. Улар одамлар орасида, халқнинг дарду ташвишлари билан яшамоқдалар, тўпланиб қолган муаммоларни партиявий таъсир чоралари, ҳомийлар кўмагида, баъзан ўз ташаббуслари билан бартараф этмоқдалар. “Баҳона эмас, чора топиш керак!” деган шиор бугун барчани огоҳликка, изланишга даъват этаётгандек, назаримда.

Бугун партия томонидан вилоят аҳолиси ўртасида кенг кўламдаги тушунтириш – тарғибот ва ташкилий-партиявий ишлар олиб борилмоқда. Натижада партия сафлари жонкуяр ва ташаббускор ёшлар ҳисобига тўлдирилиб, сиёсий кучга бўлган ишонч янада мустаҳкамланаётир. Яхшиси, қуйидаги рақамларга эътибор берайлик. Бундан роса бир ой муқаддам вилоятда 1 030 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб бораётгани қайд этилганди. Май ойида уларнинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Пахта етиштириш кластер тизимига ўтилаётгани, фермер хўжаликларининг оптималлаштирилиши, айрим фермер хўжаликлари ва корхона, ташкилотларнинг тугатилаётгани боис 90 та қуйи бўғин ўз фаолиятини тўхтатган эди.  Шуҳрат Турсуновнинг ташаббуси билан қоғозда фаолият олиб бораётган айрим бошланғич партия ташкилотлари ўрнига бошқа фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, маҳалла ва корхоналарда бошланғич партия ташкилотлари очилди.

Тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида партия сафлари 1 722 нафарга кўпайиб, айни пайтда аъзолар сони 61 минг 707 нафарга етди. Илғор бошланғич партия ташкилотлари тажрибасини оммалаштириш яхши самара бермоқда. Амалий ишлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган бундай қуйи бўғинлар етакчилари билан амалий мулоқотлар ташкил этила бошланди. Вилоятнинг турли бурчакларидан келган етакчилар иштирокидаги учрашувлар фаолиятни жонлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. “Муборакнефтгаз” МЧЖ, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Муборак ГҚИЗ, “Шўртангазкимё” мажмуаси, “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, Яккабоғ геология физика экспедицияси, Қарши ёғ-экстракция заводи қошидаги бошланғич ташкилотларда бўлиб ўтган тадбирлар шулар жумласидандир.

– Вилоят ҳокими билан вилоятимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларида бўлиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб боряпмиз, – дейди Шуҳрат Турсунов. –Боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, оилавий тадбиркорликка йўналтириш мақсадида парранда, чорва моли, уруғлик ва молиявий кўмак беряпмиз. Китоб туманидаги Деновбола, Ботмон, Жовуз, Миришкор туманидаги Чандир, Помуқ, Яккабоғ туманидаги Ажрим, Чуброн қишлоқларида бўлиб, аҳолининг турмуш шароитлари, бандлигини ўргандик. Ўттиздан ортиқ оилага молиявий ёрдам берилди. Ўндан ортиқ ногиронларга аравача ва бошқа тиббий ускуналар олишларида кўмаклашдик. Қишлоқ одамлари юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун. Уларга озгина эътибор қаратилса, молиявий ёрдам ажратилса, ҳаёти фаровонлашиб кетиши аниқ. Ана шундай муҳим вазифаларни бажаришда партиямиз фаоллари, депутатларимиз ташаббус кўрсатишлари керак. Мана бир ярим ойдирки, ўнга яқин тадбир ташкил этдик. Аммо мен билган ва яхши таниган депутатларни ўша анжуманларда кўрмадим. Демакки, бу йилги сайловларда уларнинг ўрнига сиёсий фаол, мамлакатдаги ислоҳотларда ўзини масъул деб биладиган, эл дарди билан яшайдиган жонкуяр инсонларни номзодликка кўрсатишимиз керак экан.

Бугун вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари вилоят Кенгаши, депутатлар назоратида турибди. Улар деярли ҳар кун олиб борилаётган ишлар билан танишиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашмоқдалар. Нишон туманидаги Талимаржон шаҳарчасидаги Обод, Дўстлик, Тинчлик ва Оби ҳаёт маҳаллаларида 2 204 хонадонда 9 минг 506 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бундан ўттиз йил муқаддам қурилган кўп қаватли уйларда аҳолининг яшаши учун шароит йўқ. Канализация тизими деярли ишдан чиққан, автомобиль тураргоҳи ва болалар ўйингоҳлари бунёд этилмаган. 1 минг 759 нафар ўқувчи таҳсил оладиган  4-мактаб таъмирталаб. Уни капитал таъмирлаш ва қўшимча 216 ўринли янги бино қуриш режалаштирилди. 2 та мактабгача таълим муассасалари ҳам қайта таъмирланиши керак.

– Бугун чегара ҳудудида жойлашган, эътибордан четда қолган бу шаҳарча замонавий қиёфа касб этиши учун кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, –дейди Шуҳрат Турсунов. – Ободонлаштириш ишлари ҳақида депутатларимиз ҳар куни кенгашга маълумот бериб туришибди. Шаҳарча аҳолиси билан мулоқотлар ташкил этилиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари сессияларига масала киритиш юзасидан ишлар бошланган. Мутасаддиларга юборилган ўндан ортиқ депутатлик сўровлари шаҳарча аҳолиси турмуш фаровонлиги ва бандлигини оширишга яқиндан ёрдам беришига ишонаман.

Бугун вилоятда ташаббускор партия фаоллари сони кун сайин ортмоқда. Уларнинг ибратли ишлари партия электорати ва аҳоли ўртасида оммалаштирилмоқда. Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги раиси Иброҳим Холиёров аҳоли бандлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллардан. У вилоятда илк бор туяқуш боқишни йўлга қўйди. Эндиликда унинг ташаббусини бутун вилоятга ёйиш, туяқушларни кўпайтириб, бутун вилоятдаги фермер хўжаликларига тарқатиш борасида амалий ишлар бошланди. Партиянинг Китоб туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Ғулом Узоқов аҳоли ўртасида томорқа хўжалигини ривожлантириш борасидаги тарғибот ишларида фаол қатнашиб келяпти.

Бугун чинакамига изланиб, янгиликларни фаолиятига жорий этиб борган сиёсий кучгина эл назаридан қолмайди, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кун сайин ортиб бораверади.

                                                                                Вилоят  ҳокимлиги ахборот хизмати

05-07-2019 |
Фото галерея