Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги “Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 182-сонли қарорига мувофиқ, Деҳқонобод туманида писта ва каврак плантацияларини ташкил этиш учун ер майдонларини тадбиркорларга узоқ муддатли ижарага ажратиб бериш юзасидан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Тадбиркорликни ривожлантириш офиси” МЧЖ танлов ўтказилишини маълум қилади.

Ушбу танловда Деҳқонобод туманида писта ва каврак плантацияларини ташкил этиш ва етиштириш истагида бўлган барча тадбиркорлар иштирок этишлари мумкин бўлиб, танлов ғолибларига сув тармоқларини қуриш ва писта кўчатини сотиб олиш учун мутаносиб равишда кредит ва субсидия маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Танлов маълумотлари:

  1. Жами ер майдони – 1589,1 гектар;
  2. Лотлар майдони – 18 гектардан 230 гектаргача;
  3. Лотлар сони -24 та;
  4. Ижара муддати – 49 йил;

Маълумот учун: танловда энг кам миқдордаги субсидия суммасига лойиҳани амалга оширишни таклиф қилган тадбиркорга устунлик берилади
шунингдек, танлов ғолиби, туман ҳокимлиги ва “Тадбиркорликни ривожлантириш офиси” МЧЖ ўртасида тузиладиган уч томонлама инвестицион шартномага асосан ер майдонлари узоқ муддатли ижарага берилади.

Мазкур шартнома билан тадбиркорларнинг мажбуриятлари, жумладан лот ҳудудини панжара билан ўраш, доимий иш ўрниларни яратиш, даромадларини ҳисоботларда тўлиқ акс эттириш ва бошқа мажбуриятлар белгилаб берилган.

 “Тадбиркорликни ривожлантириш офиси” МЧЖ барча тадбиркорларни лотларни ажратиш бўйича танловда фаол иштирок этишга таклиф этади.

Тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар, танлов ғолибининг мажбуриятлари ва бошқа қўшимча маълумотлар Деҳқонобод тумани Давлат солиқ инспекцияси биносининг 7-хонасидан
ёки +998 75 612-11-51 телефон рақамига мурожаат қилиш орқали олиш мумкинлиги билдирилади.

Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар 2021 йил 27 май куни соат
17-00 гача
Деҳқонобод туман солиқ инспекцияси биносининг 7-хонасида қабул қилинади.

Фото галерея