Қадрли воҳадошлар, азиз ҳамюртлар!

Аввало барчангизни, вилоятимизда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқимизни, ёши улуғ нуронийлару шижоатли ёшларимизни Янги – 2023 йил билан самимий табриклайман.

Жонажон юртимиздан тинчлик-осойишталик, хонадонларимиздан файзу барака аримасин, ҳар бирингиз ҳамиша соғу саломат бўлинг!

Албатта, йил якуни билан сарҳисоб қилинади, кўзланган режа, ютуқ ва марраларнинг кўлами ўрганилади.

2022 йил вилоятимиз тарихида ўзига хос воқеалар, муваффақиятлар билан муҳрланди. Белгиланган вазифалар ошиғи билан бажарилди. Юқори иқтисодий ўсиш таъминланди, бир қатор корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари, “Янги Ўзбекистон” массивлари, уй-жойлар, боғча ва мактаблар, тиббиёт масканлари, маданият ва спорт иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда.

Янги лойиҳалари жорий этилиши эвазига янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятининг экспорт салоҳияти юксалиб, ҳамкорларимизнинг сони ортмоқда.

Қашқадарёлик деҳқонлар пиллачилик, ғаллачилик, пахтачиликда шартнома режаларини бажариб, мўл ҳосил олишди. 

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ишимизда, ҳар бир ўзгаришлар миқёсида Янги Ўзбекистоннинг бетакрор қиёфаси акс этаяпти.

Сафимизга ғайратли ёшларимиз дадил кириб келишмоқда, уларнинг дунёқараши Янги Ўзбекистонга мос ва хос. Марралар аниқ, мақсадлар юксак.

Барча янгиланишлар, ўзгаришларнинг туб замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг учун муносиб шарт-шароит яратиш, инсон мўътабар ва азиз эканини ҳар қадамда ҳис қилишдек олижаноб фазилатлар турибди.

2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилишида ҳам ана шу эзгулик мужассам.

Ҳурматли Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномада таъкидлаганлари каби: Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз.

Азиз қашқадарёликлар!

Ҳаммамиз шоҳиди бўлаётганимиз каби, юртимизда демократик ислоҳотлар барқарор тус олди, ривожланиш йўлининг янги босқичига кўтарилди.

Давр олдимизга юксак талаб ва вазифаларни қўймоқда. Келгуси йилда ҳам белгиланган режа ва марраларни ҳамжиҳат ҳолда амалга оширамиз. Жумладан, халқимиз билан биргаликда янги лойиҳалар, дастурлар устида ишлаб,  “Қашқадарё тажрибаси”ни жорий этамиз.

Маҳаллаларда ташкил этилган самарали механизм асосида иш юритиб, аҳоли даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ишлари изчил давом эттиралади.

Иқтисодиёт тармоқлари ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали ҳудудлар инфратузилмасини шакллантиришга эътибор қаратамиз.

Янгиланиш, ўзгаришларнинг моҳияти инсон дунёқарашининг юксаклиги билан боғлиқ, бу борада сифатли таълим, маънавият, маърифат масаласи устивор аҳамият касб этади.

Ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилади.

Ёшларимизни замонавий касбларга ўқитиш, уларни ўз-ўзини банд қилиш фаолиятини рағбатлантириш ҳамда оилаларимиз файзи бўлган нуронийларни қўллаб-қувватлаш, азиз аёлларимиз қулай шароитларни яратиш, шунингдек эътиборга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ишлари тизимли давом эттирилади.

Ободонлаштириш, ҳудудлар инфратузилмасини замонавий қиёфага келтириш, қурилиш, бунёдкорлик ишларини жадал давом эттириш ва ҳамюртларимизнинг ҳаёти фаровон ва мазмунли бўлиши учун зарур манбалар жалб этилади.

Белгиланган вазифаларни оғишмай амалга ошириш учун барча куч ва имкониятлар, зарур ресурс ва технологияларни сафарбар этамиз.

Ҳурматли воҳадошларим!

Остонада турган 2023 йил баракали келсин!

Ёши улуғларимизнинг умрини, ўғил-қизларимизнинг бахти камолини берсин, ҳар бирингизга янги йил омадлар, зафарлар олиб келсин.

Жонажон ватанимиз тинч, она халқимиз омон бўлсин.

Янги йил байрами муборак бўлсин!

31-12-2022 |

Янгиликлар









Фото галерея