Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда аҳолига ер тарқатиш, ғалла парвариши ва қишлоқ хўжалиги техникалари таъмирини бориши каби бир қатор масалалар таҳлилий кўринишда муҳокама қилинди.

Биринчи масала юзасидан Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2023 йилда пахта-ғалладан 10530 гектар ер майдонларини қисқартириб, деҳқон хўжалиги ташкил қилган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аҳоли яшаш пунктларига яқин, сув таъминоти мавжуд ер майдонларини танлаш ва захирага қайтариш юзасидан туманлар ҳокимлари, Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Кадастрлар палатасининг вилоят бошқармаси раҳбарларига, захирага қайтарилган ер майдонларини белгиланган тартибда лотларга ажратиб, аукционга чиқариш юзасидан «Ўздаверлойиҳа» институтининг вилоят бўлинмаси раҳбарига, савдога чиқарилган ерларни олиш учун ишсиз фуқароларнинг аукционда иштирокини таъминлаш юзасидан туман ҳокимлари ва тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Кейинги масалага тўхталган вилоят ҳокими 2023 йил ҳосили учун парваришланаётган 137,5 минг гектар майдонда бошоқли дон ҳосилини етиштиришга жами 82,5 минг тонналик минерал ўғитлар талаб қилиниб, ҳозирда ғаллачилик кластерлари томонидан 31,7 минг тонна минерал ўғитлар захира қилинганини айтиб ўтди. Қолган 50,8 минг тонна минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар захирасини яратиш ҳамда озиқлаштириш ишларини якунлаш баробарида баҳорги экиш ишларида қатнашадиган 2380 та чопиқ трактори, 2380 та культиватор, 1244 та чигит экиш сеялкаси, 5668 та тишли борона ва ғалла ўриш мавсумида қатнашадиган 346 та ғалла ўриш комбайнларини 36 та таъмирлаш масканларига йиғиш ва таъмирлашни 1 февралга қадар якунлаш белгиланди.

- Ўрганиш давомида шу кунга қадар 2380 та чопиқ тракторидан 1539 таси, 2380 та культиватордан 1536 таси, 1245 та чигит экиш сеялкасидан 573 таси, 5668 та тишли боронадан 2189 таси ҳамда 355 та ғалла ўриш комбайнидан 214 таси, жами 12028 та қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлардан 6051 таси (50%) масканларда йиғилган холос, - деди вилоят раҳбари. - Ҳар бир масалага жиддий ва масъулият билан ёндошиш керак. Бугунги тайёргарликларимиз эртага ўз натижасини бериб, аҳолимиз яшаш шароитига ва давлатимиз ривожига замин яратади. Айниқса, аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил қилган ҳолда ерлар ажратиш орқали уларни бандлигини таъминлашимиз ҳам энг муҳим масаладир.

Якунда вилоят ҳокими кун тартибидаги масалалар юзасидан манзилли ишлаш тизимини яратиш, марказлашган ҳолда кунлик қилинган ишлар таҳлилини юритиш ва барча топшириқларни ўз муддатида бажаришга доир йиғилиш баёнини имзолади.

18-01-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея