Қашқадарё  вилояти ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан байрам ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, қадрли тантана иштирокчилари!

Ҳурматли ва  азиз меҳмонлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали воҳа аҳлини  энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган ушбу қутлуғ сана ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида ўз ўрнига эга. Шу боис ҳам бу айёмни ҳар биримиз ўзгача кўтаринкилик ва мамнунлик билан кутиб оламиз.        

Зеро, мустақиллигимизнинг жорий  йилда  «Жонажон  Ўзбекистоним, мангу бўл омон!»  деган  эзгу  ғоя асосида нишонланиши замирида ҳам юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган  юксак  меҳри  ва  чексиз  фахру  ифтихори  мужассамдир.

   Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович таъкидлаганларидек, истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.

Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар кейинги йилларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буни биргина вилоятимиз мисолида олиб кўрадиган бўлсак, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида сўнгги 2 йил ичида шаҳар ва қишлоқларнинг янги, обод ва янада кўркам қиёфасини яратиш, халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида 69 та қишлоқ ва 10 та маҳалланинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Уларда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида биргина жорий йилнинг ўзида 1673 оилага мўлжалланган 365 та якка тартибдаги 2 сотихли уйлар ва 44 та кўп қаватли турар жой бинолари фойдаланишга топширилди. Ўтган 2 йил ичида эса кам таъминланган, ногиронлиги бўлган 127 нафар фуқаро ва 215 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар оилалари уй-жой билан таъминланди.

Инвестиция дастурига асосан жорий йилда 328,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштириш ҳисобига 145 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, жумладан, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида 216,5 километр ички йўллар ва кўчалар таъмирланди, 90 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 157,5 километр сув тармоқлари тортилди.

1909 та бўш турган объект ва ер майдонларининг 1006 таси ишлаб чиқаришга жалб этилиши натижасида 4 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, вилоятимизда 160 га яқин хорижий сармоя ва корхоналар иштирокидаги тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатиб, уларда 2 мингга яқин иш ўринлари яратилиши билан бир қаторда вилоятнинг  экспорт салоҳияти ҳам ортишига эришилди.

Кейинги 6 ойда  вилоятимиз бўйича 10 мингдан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминланди, тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 655 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

 “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида 29 минг 189 та лойиҳага 518  миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Тиббиёт сохасида сўнгги икки ярим йил ичида жами 113 та даволаш-профилактика муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ҳамда янгидан жиҳозлаш ишлари бажарилди. Аҳоли саломатлиги йўлида 130 ўринга мўлжалланган  Республика Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, 150 ўринга мўлжалланган Республика Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ҳамда 140 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохоналари янгидан қурилиб, юқори технологияли замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бугунги кунда бу тиббиёт муассасаларида малакали хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар фаолият юритишмоқда.

Бир эслаб кўринг, бундан 28 йил бурун Қашқадарёда катта-кичигини қўшиб ҳисобласа, атиги юзга яқин саноат корхоналари бўларди. Бугун эса уларнинг сони уч мингтадан ошиб кетди.

Вилоятимизнинг мавжуд индустриал соҳасини янада юксалтириш мақсадида ҳозирги вақтда фақат нефть-газ, нефть-кимё саноатининг ўзида салкам 255 миллион долларга тенг бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 2020 йилгача вилоятда айни шу соҳада яна 284 миллион долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилади.  Қувонарлиси, бугунги кунда воҳамизнинг бошқа соҳаларида ҳам  шундай  йирик  ишлаб  чиқариш  қувватларида қурилиш  ишлари  олиб  борилмоқда.

Жумладан, GTL – синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи заводининг маҳсулотлари  транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги, авиация соҳасига қанчадан-қанча наф келтиради. Ёки “Epsilon” компанияси томонидан олиб борилган геологик-қидирув ишлари натижасида янги нефть ва газ конденсатли Баҳористон кони очилди. Булар ўз навбатида кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, оилалар фаровонлиги таъминланиши деганидир.

Вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқлар ҳам эътирофга лойиқ. Деҳқон-фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига бу йил 515 минг тоннадан ортиқ ғалла ўриб-янчиб олинди. Айниқса, Миришкор, Косон, Нишон, Касби туманлари ғаллакорларининг ютуқларини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни вақтда миришкор деҳқонларимиз 381 минг тонналик пахта хирмонини яратиш устида астойдил меҳнат қилмоқдалар, албатта бу маррани ҳам барчамиз якдил, елкадош бўлиб қўлга киритамиз.

 Азиз тантана иштирокчилари!

Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар келажаги, уларнинг  манфаатлари масаласига,  замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 

Болани ёшлигидан баркамол инсон қилиб тарбиялаш  давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Вилоятимизда бир ярим йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 326 тадан 1000 тага, яъни 3 баробардан кўпроққа оширилгани фикримиз тасдиғидир.

Куни кеча Деҳқонободда янги боғча очилиши билан вилоятимизда қуриб битказилган, барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган ва болаларни қабул қилишга ҳар жиҳатдан шай бўлган боғчаларимиз сони мингинчи довондан ошди. Натижада, бугун Шаҳрисабз тоғининг тепасидаям, Миришкор чўлининг ўртасидаям жажжи ўғил-қизларимиз ҳар томонлама интеллектуал, жисмоний ва маънавий-эстетик таълим-тарбия олмоқдалар.

Вилоятимизда 1117 та мактаб мавжуд бўлиб, ўзаро соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида 2 та нодавлат мактаби ўз фаолиятини бошлади.

Яратилган шарт-шароит ва имкониятлар натижасида бугун қашқадарёлик ўқувчилар нафақат республика миқёсидаги, балки халқаро доирадаги танлов ва фестивалларда ҳам ўзини кўрсатаяпти.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари тез фурсатда ўз мевасини бера бошлади. Жорий йилда Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатнинг 10-синф ўқувчиси Алишерова Эъзоза Зулфия  номидаги давлат мукофотини қўлга киритгани бунга яққол мисолдир.

Таълим ва тарбиянинг пойдевори мактаб бўлса, мактабни мактаб қиладиган куч  -  албатта ўқитувчилардир. Бугун мактабларимизда 50 мингдан ошиқ ўқитувчилар фаолият юритмоқдалар. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, “Дўстлик ордени” соҳиби, Деҳқонобод туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Исмайил Бутаев, “Меҳнат шуҳрати ордени” совриндори, Қарши шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Айкумуш  Эргашева каби  ва яна қатор эъзозли устозларимиз, ўз касбининг моҳир устаси бўлган ўқитувчилар борлиги бизни қувонтиради.

Ёшлар манфаатлари ҳақида сўз юритганда, алоҳида мамнуният билан таъкидлаш керакки, вилоятимизда мавжуд учта олий таълим муассасаси қаторида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали, Шаҳрисабз шаҳрида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари каби янги олий ўқув юртлари ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юрти иш бошлади. Албатта, бу таълим муассасаларида вилоят ижтимоий-иқтисодий сохасини янада ривожлантиришга, Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар етишиб чиқади, деган умиддамиз.

 

Азиз дўстлар!

 

Ёшларнинг севимли соҳаси – жисмоний тарбия ва спорт йўналишини олсак, биргина шу йилнинг ўзида спортчиларимиз томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 468 та, Халқаро мусобақаларда (Осиё ва Жаҳон чемпионатларида) 18 та бронза, кумуш ва олтин медаллар қўлга киритилди. Ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилда Қамаши туманида болалар-ўсмирлар спорт мактаби учун замонавий спорт мажмуаси, Қарши шаҳридаги собиқ "Насаф" ўйингоҳи ўрнида спорт зал, Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати учун 200 ўринли ётоқхона биноси барпо этилмоқда. Шунингдек маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Яккабоғ тумани марказида ёпиқ турдаги сузиш бассейни қад ростламоқда.

Қадрли юртдошлар! 

 

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган   5 та муҳим ташаббус ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларимизни мутлақо янги тизим асосида йўлга қўйишда муҳим дастур бўлаётганидан хабарингиз бор.

Ўтган йили бор-йўғи 38 та китоб дўкони мавжуд бўлгани холда, бу йилнинг ўзида 100 дан ошиқ янги китоб дўконлари қуриб  ишга туширилди.

Китобга, илму зиёга эҳтиром рамзи сифатида Қарши  шаҳрида монумент ўрнатилди. 12 дона энг нодир асарлар тўплами акс этган ушбу монументда ўзига хос рамзий маъно мужассам. Бу ерда буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий, Абу Али Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Шароф Рашидов каби аллома ва мутафаккирлар, эл ардоқлаган таниқли шоир ва ёзувчилар номлари зикр этилганки, кишида фахр туйғусини уйғотади. Бундан ташқари “жавонга” Балзак, Шекспир, Пушкин каби жаҳон адабиётининг етакчи намояндалари ҳам киритилган.

Азизлар! 

Қадрли  байрам  тадбири  иштирокчилари!

 Дарҳақиқат, мустақиллик, истиқлол деган улуғ саодат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк неъматдир.

Фурсатдан фойдаланиб,          Сизларни,          барча-барчангизни мана шу  энг улуғ ва энг азиз байрамимиз -  мамлакатимиз  мустақиллигининг 28   йиллиги  билан  яна бир бор  қизғин  муборакбод этаман.   Юртимиз  равнақи,   халқимиз  фаровонлиги ва  бахту  саодати   йўлидаги  эзгу   ишларингизга   улкан  муваффақиятлар   тилайман!

Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Yangilandi: 2023-07-10