Имтиёзлар

“Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

МАЪЛУМОТ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 13 сентябр куни “Чироқчи” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5825-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда белгилаб берилган тегишли топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, вилоятда “Чироқчи” ЭИЗнинг жойлашуви ва контурлари мутахассислар иштирокида аниқланиб, Чироқчи тумани “Чорвадор” МФЙ ҳудудидан 60 гектар ер майдони танланди.

Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 267-сонли қарори қабул қилинди.

“Чироқчи” эркин иқтисодий зонасининг асосий мақсади ва йўналишлари:

  • ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;
  • вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
  • маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зона иштирокчилари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
  • вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;
  • логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, саноат соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
  • “Чироқчи” ЭИЗнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, шу жумладан уларнинг “Чироқчи” ЭИЗда жойлашган ҳудуддаги ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш.

Эркин иқтисодий зона иштирокчилари:

  • ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмаларидан;
  • бўшаб қоладиган маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга мақсадли йўналтирган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмларни, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
  • мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКнинг товарлар рўйхатини комплекс экспертиза қилиш натижалари бўйича ижобий хулосаси бўлган тақдирда четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);

         Мазкур бандда қайд этилган божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар сотилган ёки беғараз берилган ҳолларда, улар олиб келинган пайтдан бошлаб уч йил давомида божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилиши белгиланган.

Yangilandi: 2023-07-10