Ғузордан бошланиб, Қамашида давом этган очиқ мулоқот Касби туманида ҳам ўтказилди.

Унда Инвестиция дастури ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари вилоятга ташриф баёнига кирган инвестиция лойиҳалар ижроси, “Обод қишлоқ” ёки “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар, aҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича, “Аёллар дафтари”га кирган фуқаролар билан манзилли ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга ошириладиган ишларнинг секторлар кесимида таҳлили, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан манзилли ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва вазифалар бўйича сектор раҳбарлари, вилоят раҳбарлари депутатлар ва жамоатчилик олдида ҳисобот беришди.

Берилаётган ҳисоботлар давомида вилоят ҳокими кўплаб топшириқлар назоратсиз қолаётгани ҳақида гапирди.

- Раҳбарлар берган топшириқларини назорат қилишни ҳам ўрганиши керак, - деди вилоят раҳбари. - Бошлиқ бўлимга, бўлим бошлиғи мутахассисига, мутахассис ёрдамчи мутахассисига ўтказади. Энг ёмони - назорат ҳам охиригача бормайди. Натижада аҳолига бугунги ўзгариш ва имтиёзлар етиб бормаяпти.

Шунингдек, Зойир Мирзаев  масъулларга фуқаролар мурожаатларига жиддий қараш кераклигини таъкидлади.

- Қайси ҳудудга борсам ўша ҳуддуддан такрорий мурожаат йўллаган фуқаролар мурожаатларини олиб бораман, - деди Зойир Мирзаев. - Кеча Қамаши туманида ўтказилган учрашувда ҳам онлайн ва Виртуал қабулхонага мурожаат йўллаган фуқароларни ҳам чақиртирдим. Масъуллар билан юзма-юз қилдим. Мақсадим - қонуний ечимга эга ҳар бир мурожаат қаноатлантирилиши керак. Асоссиз мурожаатларга ҳам раҳбар одам фуқарога тўғри тушунтирса, тушунади.

Бу каби очиқ мулоқотлар барча вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

05-04-2021 | Ижтимоий | 77
Фото галерея