Ғузор туманида бошланган очиқ мулоқот Қамаши тумани “Баландчайла” МФЙ ҳудудида давом этди.

Унда туман сектор раҳбарлари ва вилоят ташкилотлари ҳудудда 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан депутатлар, маҳалла фуқаролари ва жамоатчилик олдида ҳисобот берди.

- Халқ олдида берилаётган ҳисобот ваъда билан тенг, - деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Туман аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш соҳаларига давлатимиз томонидан зарур маблағлар ажратилган. Сизлардан ушбу маблағларни мақсадли сарфлаш талаб этилади. Халқ билиши керак ўзгаришни, янгиланишни ва ушбу маблағлар қандай сарфланаётганини.

Маълумот ўрнида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2021 йил вилоят бўйича 707 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган бўлса, шундан 53 млрд. 998 млн. сўм Қамаши тумани учун ажратилган.

Туманда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва экспорт режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Б.Юсуповнинг таъкидлашича, туманда 56 та лойиҳа амалга оширилиши ортидан 882 та иш ўрни яратилади.

Фуқаролар томонидан туманда ичимлик сувига бўлган эҳтиёж борлиги таъкидланди. Бу бўйича ҳам амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Тақдимотда таъкидланишича, ажратилаётган сўмма 128 км. электр узатиш тармоғи қуришга, 27 та янги трансформатор ва 3600 та симёғочлар ўрнатишга сарфланади.

Шунингдек, газ таъминотини яхшилаш ва йўллар қурилиши бўйича ҳам тақдимот қилинди.

01-04-2021 | Ижтимоий | 98
Фото галерея