Қашқадарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда коррупцион ҳолатларни олдини олишда кенг жамоатчиликнинг ўрни беқиёс экани, эрта бартараф этилган бу каби ишлар адашган одам ва унинг оила аъзоларига қилинган энг катта яхшилик экани таъкидланди. 
 
Президентимиз ташаббуслари билан илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат идоралари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Жойларда турли тарғибот-ташвиқот ишлари, ОАВлар орқали ижтимоий ролик ва чиқишлар олиб борилмоқда.
 
 
Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.
 
Мисол учун, Косон тумани ҳокимининг ўринбосари А.Х. тадбиркорлик фаолиятини ташкил этмаган 6 нафар яқин қариндошилари, жумладан келини М.Т., қудаси О.К., ҳайдовчисининг турмуш ўртоғи С.С., унинг синглиси А.С.лар номига 180,0 млн.сўм кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни нақдлаштирган ҳолда талон-тарож қилиб юборган.
 
Вилоятда 2019-2020 йиллар давомида жами 562 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 18 нафари вилоят ва 544 нафари туман даражасидаги давлат идоралари мансабдор шахслари ҳисобланади.
 
 
Қашқадарё вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан "dxarid.uz" махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид май-июль ойларидаги эълонлар масофавий мониторинг тартибда ўрганиб чиқилганда қиймати 12,5 млрд. сўмлик 41 та танлов эълонларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунларнинг талаблари бузилганлиги аниқланди.
 
Якунда бу каби ҳолатларни олдини олиш бўйича манзилли режа тузилиб, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда ишларни ташкил этишга келишиб олинди.
16-10-2021 | Ижтимоий | 75
Фото галерея