14 апрель куни Қарши шаҳридаги амфитеатрда вилоят сектор раҳбарларининг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Очиқ ҳавода ўтказилган ушбу учрашувда жамоатчилик ва ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Илк мурожаатни биринчи сектор раҳбари - вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошлаб берди. Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўплаб камчиликларга йўл қўйилгани, 2020 йилда тижорат банклари томонидан ижтимой дастурлар доирасида ажратилган тайёр кредит ресурсларидан 15,3 млрд. сўм айрим масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб ўзлаштирилмасдан қолганлиги таъкидланди.

Юридик мақомдаги янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш топшириғи Шаҳрисабз шаҳрида 44 фоизга, Деҳқонободда 44 фоизга, Шаҳрисабзда 51 фоизга, Қаршида 58 фоизга, Муборакда 59 фоизга бажарилганлиги, биринчи сектор бўйича энг паст кўрсаткич Шаҳрисабз шаҳри (49 фоиз), Деҳқонобод (60 фоиз), Миришкор ва Муборак (61 фоиз), Қарши (62 фоиз), Шаҳрисабз (66 фоиз) туманлари эканлиги қайд этилди.

Вилоят раҳбари мурожаатномасида дастлаб йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтган бўлса, мурожаатноманинг икки қисмида вилоятда тадбиркорлик соҳасида 2021 йилда белгиланган кўрсаткичларни 30 фоизга ошириш қандай амалга оширилиши бўйича режаларни таҳлил қилди.

2021 йил якунига қадар 83 минг ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш бўйича янгиланган режа белгиланди. Бугунги кунда вилоятда вақтинча фаолият кўрсатмасдан келаётган 4 386 та корхона ҳудудлар, секторлар ва маҳаллалар кесимида номма-ном ўрганиб чиқилади. 26 та кичик саноат зонаси ташкил қилинади (шундан, 15 таси ёшлар кичик саноат зонаси). Қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 504 млрд. сўмлик 32 633 та лойиҳа амалга оширилади. Хизмат кўрсатиш соҳаларига мўлжалланган 1650 та енгил конструкцияли нуқталар ташкил этилади. "Аёллар дафтари" ёки "Ёшлар дафтар"ига киритилганларни бандлигини таъминлаш энг устувор масала сифатида қаралади.

Сектор раҳбарларининг мурожаатларидан сўнг, тадбиркорларнинг муаммолари ҳам тингланди.

500 га яқин тадбиркор иштирок этган мулоқотларда 36 нафар тадбиркорлар фаолияти ривожланишида муаммоларга дуч келаётгани юзасидан вилоят сектор раҳбарларига мурожаат қилди. 17 нафар тадбиркорнинг муаммосига жойида ечим топилган бўлса 11 таси ижрога йўналтирилди. 8 та мурожаат бўйича қўшимча ўрганиш олиб борилишига келишилди.

15-04-2021 | Ижтимоий | 104
Фото галерея