Вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги сектор раҳбарлари куни кеча Яккабоғ туманида бўлиб, бир қатор иқтисодий ва ижтимоий қурилиш объектлари ҳамда марказий деҳқон бозори фаолияти билан яқиндан танишди.

Дастлаб сектор раҳбарлари туман масъуллари иштирокида "Эсат" маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилаётган пахта ёғи ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиш жараёнлари билан танишди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 125,2 млрд. сўмни ташкил этиб, 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Йиллик қуввати эса 15 минг 400 тоннани ташкил этади.

Шундан сўнг раҳбарлар яна бир корхона қурилиши, яъни "Оқсарой кластер" МЧЖ томонидан барпо этилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 19.6 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ҳамда 600 та янги иш ўрни яратувчи текстиль корхонасининг қурилиш ишлари бугунги кунда жадал суратларда давом этаётганини кўздан кечирди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Муротжон Азимов Яккабоғ марказий деҳқон бозори ҳудудини масъуллар иштирокида айланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси, тозалик ва шароитлар билан қизиқди. Камчиликлар юзасидан туман сектор раҳбарларига тегишли топшириқлар берди. У ердаги савдогар ва харидорлар билан мулоқот қилинган ҳолда мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича уларнинг таклиф ҳамда шикоятлари эшитилди.

Вилоят ҳокими Яккабоғдаги ўрганишларининг кейинги манзилида тумандаги "Шарофат она Қаҳрамон қизи" МЧЖ музлатгичлари ва сок ишлаб чиқарувчи завод ҳамда жамиятга тегишли боғдаги мевали дарахтларни парваришлаш жараёнлари билан танишди.

Шу ернинг ўзида вилоят ҳокими тумани масъуллари билан қисқа муҳокама ўтказиб, ҳар бир маҳсулотни етиштириш ёки ишлаб чиқаришда сифат ва харидор манфаатлари устунлигига алоҳида эътибор қаратишни, тадбиркорларни доимий қўллаб-қувватлашни таъкидлади. Президентимиз томонларидан уларга берилаётган имтиёз ва субсидияларни доимий равишда тарғиботини олиб бориш кераклигига ҳам тўхталиб ўтди.

Якунда қурилиш соҳаси вакиллари билан ҳам учрашиб, «Айғиркўл» маҳалласи ҳудудидаги "Янги Ўзбекистон массиви" лойиҳаси асосида барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ва коммуникация ишлари билан танишди, масъулларга биринчи навбатда сифатли уй-жойлар қуриш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, массивда 2022-2023 йилларда жами 50 та 5 қаватли замонавий уй-жойлар қурилиш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда қурилиш ташкилотлари томонидан ишлар давом этмоқда.

Бундан ташқари ушбу массив ҳудудида беш қаватли "Эко бозор", 1 та 330 ўринли умумий ўрта таълим мактаби, 1 та 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш ҳамда кўнғилочар бинолар қуриш режалаштирилган.

25-01-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея