Хабар берилганидек, вилоятимизда ёшлар ўртасида 5 майдан бошлаб "Қашқадарё кичик олимпия спорт ўйинлари" старт олди.

Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллалардаги уюшмаган ва мигрант ёшлар, шунингдек, "Ёшлар дафтари"га киритилганлар ўртасида вилоят бўйлаб юқори савияда спорт мусобақалари ўтказилди.

Вилоятнинг Қарши шаҳри, Нишон, Ғузор, Косон, Қамаши, Касби, Чироқчи ва Миришкор туманларида ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида ёшлар спортнинг карате, бокс, кураш, дзюдо, волейбол, сузиш, футбол, бадминтон, таеквандо ИТФ ва стол тенниси каби 10 турида мусобақалашишди.

Биринчи кунги мусобақаларга кўра, беллашувларда 1526 нафар ёш фаол иштирок этган бўлса шундан 161 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Шунингдек, ғолиб-совриндор бўлган иштирокчи ёшлар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Маълумот учун, "Қашқадарё кичик олимпия спорт ўйинлари" мусобақалари 7 майга қадар давом этади. 

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати.

 

06-05-2021 | Спорт_Узб | 87
Фото галерея