Аccалому алайкум азиз воҳадошлар.

Шу кунларда барчамиз жонажон ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини юқори кайфиятда, катта муваффақиятлар, салмоқли қадамлар ва ўзимизга мос бўлган қадриятлар қуршовида кутиб олмоқдамиз.

Дарҳақиқат Янги Ўзбекистон дея ном олган қисқа давр ичида, халқимизнинг асрий орзу ва умидларини рўёбга чиқариш, ҳамюртларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, инсонларнинг фуқаролик ва мулкий ҳуқуқларини  кафолатли ҳимоялаш, сўз эркинлиги ва Давлат бошқарувида очиқлик сиёсати борасида янги давр бошланди. 

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари ва сиёсий иродаси туфайли дастлаб Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик, Стратегик шерикчилик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар мустаҳкамланди ва  янги босқичга кўтарилди.

Бундан ташқари жаҳондаги энг ривожланган давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.

Айниқса, юртбошимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минбарларидан туриб “Маърифат ва диний бағрикенглик”, ёшлар ва экология масалаларида билдирган ташаббуслари дунё миқёсида тан олиниб ижрога қаратилаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Ҳурматли воҳадошлар!

Халқимизда азал- азалдан тўйга тўёна билан келиш, яхши кунни яқинлари, қадрдонлари билан баҳам кўришдек эзгу анъана бор.

Ана шу анъана ва қадриятларга таянган ҳолда меҳнат қилиб, барча соҳаларда кўрсаткичлар юқори марраларга етказилмоқда. 2021 йилда  вилоятда саноат ҳажми 18,5 трлн сўмга етказилиб, ўсиш 115 фоизга таъминланди.

Тадбиркорлик учун жорий қилинган имтиёз ва префенциялар, пандемия шароитида амалга оширилган қўллаб-қувватлашлар натижасида ўтган даврда 7282 та кичик бизнес субъекти янгитдан ташкил қилиниб, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 71 фоизга етказилди. Фақатгина шу соҳага 2,5 триллион сўмлик банк кредити ва субсидиялар ажратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим деб ҳисоблайман.

Ҳозирда вилоятнинг 11 та туманида 4 та тўқимачилик, 12 та тайёр трикотаж, 8 та та ип калава ишлаб чиқариш корхонаси қурилмоқда.

Бунинг натижасида 7150 та янги иш ўрни яратилади ва пахтани қайта ишлаш даражаси амалдаги 53,2 фоиздан, 94,3 фоизга етказилади. 

Бу йил вилоятимиз тарихида биричи марта Давлат бюджетидан 2,4 триллион сўм маблағ ажратилиб жами 2945 та  объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, 520,1 млрд.сўм маблағ ҳисобига жами 781 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, шундан 98 та мактаб биноси янгидан қурилмоқда.

Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга 432,4 млрд.сўм маблағ ажратилиб, ичимлик суви таъминоти ҳозирги 37 фоиздан 49 фоизга етказилади.

Биргина, жами узунлиги 78,8 км бўлган “Оқсув - Деҳқонобод” сув тармоғига ажратилган 281,5 млрд.сўм маблағ ҳисобига 116 та қишлоқдаги 27 512 та хонадон ва 112,8 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Ҳудудларни обод ва файзли бўлиши учун жами 483 км йўлларга тош ётқизиш, 482,1 км йўлларни асфальтлаш, 43 та кўприкни қуриш ишлари амалга оширилади ва мазкур ишлар учун 536,6 млрд.сўм ажратилганлиги мазкур соҳадаги муаммолар ечимига яқиндан ёрдам бермоқда.

Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига кирган 30 та маҳалла учун ажратилган 626,3 млрд.сўм ҳисобига 26225  хонадонга ичимлик суви кириб боради, 27721 та хонадонда электр таъминоти яхшиланади, 170 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинади, 15 та маҳалла биноси барпо этилади.

Яна бир муҳим масала,  аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида жами 2800 хонадондан иборат 107 та кўп қаватли уйлар кад ростламоқда.

Шу ўринда мазкур объектларда туну-кун ишлаётган қурувчиларга, йўл соҳаси вакилларига, лойиҳа ташкилотлари ходимларига, ҳамда қурувчиларга мадад бўлаётган жамоатчилик комиссияси аъзоларига самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Барчамизга яхши маълумки бу йил қишлоқ хўжалиги соҳаси учун алоҳида синовли йил бўлди. Йил қурғоқчил келиши, кутилмаганда ҳавонинг совиб кетиши, ёз ойларидаги жазирама ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмади. 

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг меҳнати ва ишга бўлган маъсулият ҳисси билан дастлаб, 2142 тонналик пилла хирмони ортиғи билан бунёд этилди. Жорий мавсумда 324 минг тонналик залворли ғaллa режаси ҳам шараф билан уддаланди.

Бундай муваффақиятларга эришишнинг замирида, бугун вилоятда фаолият юритаётган 16 та пахта – тўқимачилик ва 18 та ғаллачилик кластерлари, 12265 та фермер хўжаликларининг биргаликдаги саъйи ҳаракати, деҳқон ва миришкорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари борлигини ҳис этамиз.

Азиз ватандошлар! Ҳаммамиз биргаликда кластер раҳбарларига, ҳурматли фермерларимизга, деҳқону миришкорларимизга самимий миннатдорчилик билдирган ҳолда олдимизда турган юксак хирмонни бунёд этишда Яратганнинг ўзи қўллаб, юзлари ёруғ бўлишини тилаймиз.

Вилоятимизда ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг онгида она ватанга садоқат туйғуларини сингдиришда зиёлиларимизнинг, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим тизими ва ихтисослаштирилган мактаблар жамоаларининг меҳнати алоҳида таҳсинга сазовор.

Устозлари бераётган билимни пухта эгаллаб, буюк аждодларимиз Амир Темур, Абдулла Орипов, Жуманиёз Жабборов, Тожиддин Муродовларга муносиб ворис бўлишни дилига тугиб, сидқидилдан ҳаракат қилаётган фарзандларимизнинг муваффақиятлари барчамизнинг кўнглимизни тоғдек юксалтирмоқда.

Яқиндагина Японияда ўтказилган “Токио 2020” олимпиадасида иштирок этган Райҳона Қодирова, куни кеча Параалимпия мусобақаларида (узунликда сакраш) кумуш медални қўлга киритган қизимиз Асила Мирзаёрова ва (парадюздочи) ўғлонимиз Довурхон Караматовларни фахримиз десак адашмаймиз.

Шунингдек дунёдаги энг нуфузли олий таълим муассасаларининг 30 тасига бирваракайига кирган Юлдашев Шуҳрат Шавкат ўғли ва 10 тасига қабул қилинган Ўроқов Асадбек Рашид ўғлини аждодлар меросининг муносиб давомчилари дейишимиз мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб шу каби замонавий ва фаол ёшларни дунёга келтирган ота-оналарига, уларга таълим-тарбия берган устозларига таъзим қиламиз ва юксак миннатдорчилик билдирамиз.

Қарийб 2 йилдан бери бутун дунёда давом этаётган  пандемия иқтисодиётга катта зарба бериши билан бирга фуқароларимиз ҳаёт тарзига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Мана шундай оғир дамларда ҳар бир фуқаронинг дардини ўз дарди деб билган давлатимиз раҳбари томонидан дунёда андозаси бўлмаган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”ларнинг жорий қилиниши натижасида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 69204 нафар фуқарога жами 153 миллиард сўмлик (Республика бюджетидан 84,5 млрд сўм, вилоят бюджетида 9 млрд сўм, ҳомийлар ҳисобидан 59,7 млрд сўмлик) турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Короновирусга чалинган фуқароларни даволаш ва тиббиёт муассасалари моддий техник аҳволини мустаҳкамлашга 39,1 млрд сўм маблағлар йўналтирилди.

Бу эзгу ишлар ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларида Қашқадарёликларнинг ҳам муносиб ўрни борлиги барчамизга ғурур, ифтихор бағишлайди.

Бундай муваффақиятларни қўлга киритишда жонбозлик кўрсатган, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизнинг йил бошидан бери 8 нафари, Мустақиллик байрами арафасида эса яна 45 нафарига ватанимизнинг юксак мукофотлари берилганлиги, 2661 нафар ҳамюртларимиз “Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишони билан тақдирлангани биз Қашқадарёликлар учун катта ишонч бўлиши билан бирга барчамизни янги марралар сари чорлайди. Шу фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз халқи ва жамоатчилиги номидан мукофот эгаларини табриклаймиз, уларга соғлик ва ишларида улкан зафарлар тилаймиз.

Азиз ватандошлар!

Ён-атрофимизда шиддат билан рўй бераётган ўзгаришлар, воқеа ва ҳодисалар барчамиздан атрофга теран кўз билан боқиб, тинч ва осойишта кунларимизни қадрлаш, шу  билан бирга айрим сабаблар боис ҳаётда адашган инсонларга, айниқса, ёшларимизга  тўғри йўлни кўрсатишда фидоий бўлишни тақозо этмоқда.

Ҳурматли Президентимиз – “таъкидлаганларидек бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Жамият ривожида ўзининг ҳаёт тажрибаси, йўл йўриқ ва насиҳатлари билан бизга мадад бўлаётган, ибрат ва ўрнак кўрсатаётган нуроний отахонларимиз, мунис онахонларимизнинг бугунги осойишта кунларга шукроналик келтириб қилаётган дуолари ижобат бўлсин.

Мамлакат тараққиёти учун ўз меҳнати, билим ва малакасини сарфлаб меҳнат қилаётган олиму фузалоларимизга, тадбиркорларимизга, банк, солиқ, прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия ходимларига самимий эҳтиром билдирамиз.

Янги Ўзбекистонда, янгича дунёқараш, ягона сиёсат остида бирлашиб, Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш йўлида олиб бораётган ишларимиз бароридан келсин.

Азиз ватандошлар!

Барчангизни, Сиз орқали вилоятимиз халқини энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан чин дилдан табриклаймиз.

Хонадонларимиз файзли, дастурхонимиз тўкин бўлсин. Мусаффо осмонимиз, тинч ва осойишта кунларимизга кўз тегмасин!

Эътиборингиз учун раҳмат.

31-08-2021 |

Янгиликлар









Фото галерея