Куни кеча Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш ва давлат раҳбари сифатида бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрди.

Президент дастлаб Қарши туманида жойлашган тарихий Абу Муъин Насафий мажмуасини зиёрат қилди ва Қуръон тиловат қилинди.

ХI асрда яшаган мутафаккир Мотуридия таълимотининг давомчиси, ақида илмининг етук билимдони сифатида Ислом дини софлигини сақлаган ва адашганларни маърифат билан тўғри йўлга бошлаган. Лекин узоқ йиллар унинг мероси ҳам, қадамжоси ҳам эътибордан четда қолиб кетган эди.

Президент ташаббуси билан обод ва улкан зиёратгоҳга айлантирилган мақбарада олиб борилган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, бу ерда янги масжид, музей, кутубхона ва маъмурий бинолар қурилган бўлиб, дарахтлар ва гуллар экилган ҳолда сўлим боғ ташкил этилган. Абу Муъин Насафий китобларининг номи ва ўгитлари ёзиб қўйилган. Шу билан бирга XI асрга оид ёдгорлик ва қудуқ, XIII асрда қурилган эски масжид ҳам сақланиб қолган.

Президентимиз янги масжид ва музейни кириб кўрди. Музейда Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган. Бу ерда қадимги Самарқанд қоғозига битилган Қуръони каримнинг асл нусхаси, матога тўқиб ёзилган муқаддас оятлар ҳам сақланмоқда. 

Шавкат Мирзиёев аллома асарлари бугунги кунда ҳам долзарблигини, уларнинг мағзини халқимизга, ёшларга етказиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда Қарши давлат университети қошида Абу Муъин Насафий номида илмий марказ ташкил этиш таклифини билдирди.

12-10-2021 | Тарих | 96
Фото галерея