Мақсад аниқ бўлса, йўл равон бўлади. Истак халқ дардини енгил қилиш, уларни яшаш шароитларини яхшилаш бўлса, бу истакни Яратган ҳам қўллайди, атрофдагилар ҳам, халқ ҳам улуғ мақсадли юртбошига эргашади.

Бугун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маърузасини ўтган беш йилдаги натижалар билан бошлагани ҳам бежиз эмас. Чунки, мақтаса арзигулик ишлар ҳар соҳада ўз аксини топди. Одамлар рози бўла бошлади, одамларга давлат хизматчилари хизмат қила бошлади. Раҳбарлар қуйи буғинларга тушиб, энг чекка ҳудудларга ҳам кириб борди.

Хўш, натижалар нималарда кўринди?

“2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилди. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ўсгани биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.” – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари натижасида кўп жойлар қурилиб, таъмирланди. 2017-2020 йиллар давомида 140 мингдан зиёд арзон ва сифатли уй-жойлар бунёд этилди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб 11 бараварга кўп.

Янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биргина жорий йилда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.

Сўнгги беш йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Бундан ташқари, ёшлар талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатилмоқда.

Хуллас, ўтган беш йилда ҳар бир соҳа ривожи ортидан аҳолини ишли ва фаровон яшашини таъминлаш, Тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ғояси мужассам бўлди.

Кейинги беш йилда бу каби истиқболли ишлар давом этадими?

Шавкат Мирзиёев шошилмасдан ўз сайловолди дастурини ҳеч бир соҳа ёки тармоқни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда баён этди:

“Мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди.

Шу тариқа 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз.” – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилиши, ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланиши, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинишидан тортиб, "Яшил иқтисодиёт"ни жорий қилиш, давлат корхоналарининг трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари янада тезлаштирилиш, 2026 йил якунигача камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш ва тадбиркорликка янада кенг имкониятлар берилиши таъкидлаб ўтилди.

Шавкат Мирзиёевнинг қўйидаги фикрлари ҳар бир делегатнинг юқори олқишига сабабчи бўлди:

“Касбий таълим билан тизимли шуғулланиш масалалар, тўлиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказилади. Келгуси беш йилда норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаро бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилади. Шу орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади.

Шунингдек, ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробарга оширилади ва бунинг эвазига 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилади.

Аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси келгуси беш йилда 2 баробарга камайтирилади. Шунингдек, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади ва уларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари йилдан-йилга ошириб борилади ва 2026 йилда 6 мингга етказилади.

Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилади.”

Шунинг баробарида, бугун оқни оқ, қорани қара, деб талқин этаётган адолатли ва ҳақиқатпарвар ОАВ ходимларига ҳам тўхталиб ўтилди.

“Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади.”

Хулоса ўрнида, Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган сайловолди дастур ҳар томонлама халқимизга фойдали бўлиш баробарида, ҳар ким сайлаш ва танлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, келажаги порлоқ Янги Ўзбекистонни юзага келишида улкан амалий қадамларни бирга босишга ундов бўлди, десак адашмаган бўламиз.

Зойир Мирзаев. Қашқадарё вилояти ҳокими.

10-09-2021 | Ижтимоий | 184
Фото галерея