ЎзМТДП Қашқадарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ва партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 январь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномаси юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Қашқадарё вилоят бўлими мажлислар залида ташкил этилган давра суҳбатида Қарши шаҳридаги Пахтазор ва Пахтазор-1 маҳаллалари фаоллари, аҳоли вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари таклиф этилди.

Давра суҳбатида дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар Кенгашлари депутатлари Юлдуз Эргашева, Латиф Расулов ҳамда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Даврон Кесимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалар, қонунчилигимиздаги янгиликлар, Президентимизнинг Олий Мажлисга галдаги Мурожаатномаси бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев иштирокчиларга Мурожаатномадаги мамлакатимизни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилар экан, олдинда рақамли иқтисодиётдан тортиб, ҳар бир оилани уй-жой билан таъминлашгача бўлган масалаларнинг кўтарилгани, халқ қайғуси, фуқаро манфаати бирламчи вазифа қилиб қўйилгани, ёшлар таълим-тарбияси борасида катта ишлар амалга оширилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

 - Президент Мурожаатида хотин-қизлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, - дейди Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Юлдуз Эргашева. - Эндиликда олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосидаги ўринлар сони икки баробарга кўпайтирилиб, қизлар учун алоҳида грантлар жорий этилиши, грант асосида олий таълим олишда қизлар учун алоҳида қўшимча имтиёзлар яратилгани барчани қувонтирди. Эндиликда Хотин-қизлар қўмиталари бу борада номзодлар тайёрлаш тизимини яратиши лозимлиги ҳақида айтилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги поғонага кўтарилиши эътироф этилди. Яъни 2020 йилда 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратилади. Бундан ташқари, 1 минг 576 хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда депутатлар халқ дардига қулоқ солди.

Маълум бўлишича, Пахтазор ва Пахтазор-1 маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳозирда ижарада туриб, хоналарнинг камлиги, жой торлиги турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Маҳалла кексалари эса маҳалла гузари бўлишини, унда кайвонилар йиғилиб, тўй-маъракалар, бошқа тадбирларни маслаҳатлашадиган жой бўлишини хоҳлашади. Болалар учун ўйин майдончаларнинг йўқлиги эса оналарни ташвишлантиради.

Айни қиш фасли эмасми, кўпчилик аҳоли иситиш тизимида ҳам муаммолар борлигини айтишди. Шунингдек, учрашувда электорат манфаатлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар, ширкатлар фаолиятидаги камчиликлар, шу билан бирга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди.

Қувонарлиси, депутатларимиз “Бугунги ишни эртага қўйма” нақлига амал қилган ҳолда шу куннинг ўзида сайловчиларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга киришди.

Айтиш жоизки, бундай юзма-юз мулоқотларнинг ўтказилиши сайловчиларнинг онги ва тафаккури юксалиб бораётганини, эндиликда уларни юзаки қарашлар билан чалғитиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Бу эса депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириши баробарида уларнинг қуйи палатадаги фаолиятини такомиллаштириш лозимлигини ҳам англатади.

Сожида АЛЛАЁРОВА,

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси.

29-01-2020 |
Фото галерея