Аввал хабар берганимиздек, бугун "Metsenat.uz" платформасида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан эълон қилинган 1 млрд. 800 млн. сўмлик танлов иштирокчилари тақдимоти ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтаётган эди.

Унда танловга келиб тушган 214 лойиҳадан 181 таси низом талабларига мослиги учун ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилган ва уларнинг 18 таси грант маблағларини олишга тавсия этилган.

Бугун ушбу лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Экспертлар лойиҳаларни танлашда аввалгиларини такрорламаслиги, долзарблиги ва бошқа платформаларга боғланишига алоҳида эътибор қаратди. Бу қатъий талаб ўз-ўзидан айрим лойиҳаларни мукаммал яратилмаганини кўрсатиб берди.

- Ушбу 18 та лойиҳа учун 1 млрд. 127 млн. сўм бериш режалаштирилган, - деди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Базаров. - Демак, маблағни жавобгарлиги ҳам бор. Эртага одамлар "1 млрд. 200 млн. сарфлаган лойиҳаларингиз жамиятга, давлатга нима қилиб берди?", деган ҳақли савол билан мурожаат қилади. Жавоб бериш оғир бўлади. Ёшларимизда мақсад фақат моддий манфаат бўлиб қолмаслиги керак.

Якунда ишчи гуруҳ 364 млн. 200 минг сўмлик 5 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этса бўлади, деб маъқуллашди. Қолган 13 та лойиҳани қайта кўриб чиқишга ёки танловнинг кейинги босқичига киритиш таклифи берилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

16-04-2021 | Ижтимоий | 135
Фото галерея