Бугун фуқароларимиз бозор ва озиқ-овқат дўконларига бориб, навбатда туриб, ваҳима билан озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотларини харид қилаётганликларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Баъзи жойларда тадбиркорлар аҳоли талаби ошганидан фойдаланиб, озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини ошириб сотишга уринмоқда.

Таъкидлаш лозимки, жойларда нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик учун вилоят давлат солиқ хизмати органлари, Бош прoкурaтура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар тузилган. Мазкур ишчи гуруҳлар нархларнинг ўзгариши ва сунъий равишда оширилиши устидан назорат қилиб бормоқда.

— Айтиш жоизки, жорий йилнинг 15-16-17 март кунлари мобайнида Давлат солиқ қўмитасининг ишонч телефонларига Қашқадарё вилоятида яшовчи 116 нафар фуқародан, вилоят давлат солиқ бошқармасининг ишонч телефонларига эса 21 нафар фуқародан нарх-навонинг кўтарилиши юзасидан мурожаатлар келиб тушди, — дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Отабек Поёнов. — Ҳар бир мурожаат юзасидан давлат солиқ хизмати ходимлари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганишлар ташкил этилди. Тадбиркорларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, нарх-навонинг сунъий ошириш ҳолатларига барҳам берилди. Нарх-наво мутадиллиги таъминланаётгани сабабли, фуқаролар томонидан ишонч телефонларига тушаётган мурожаатлар ўтган икки кун ичида умуман кузатилмади.

Шу ўринда, тадбиркорларни ўз вазифасига сидқидилдан ва виждонан ёндашиб, нархларни сунъий равишда оширмасликка чақирамиз. Халқ орасида саросима келтириб чиқарадиган, ваҳима уйғотадиган ҳар бир ҳолатга нисбатан кескин чоралар кўрилади ва нарх-навони сунъий оширган тартиббузарлар огоҳлантирилмоқда.

Қарши шаҳаридаги “Оқтепа деҳқон эко бозори” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган ўрганишларда фуқаро З.Қ. ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланди. Шунингдек, у картошка ва пиёз маҳсулотлари нархини асоссиз оширгани маълум бўлди.

Бундан ташқари фуқаро Х.М. ҳам ҳужжатларсиз савдо фаолиятини амалга ошираётгани ва маҳсулотларга сабабсиз юқори нарх белгилаганлиги аниқланди.

Фуқароларнинг тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши таъминланиб, нархларни асоссиз оширмаслик юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилди.   

Харидорлар ўртасида юртимизда озиқ-овқат маҳсулоти етарлича ва бу борада зарур захира яратилганлиги тушунтирилмоқда.

Агар нархларни асоссиз оширилиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг!

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси ишонч телефони:
75-225-10-82

Бош прoкурaтура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилоят бошқармаси:
75-226-05-01

 

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси
Ахборот хизмати

19-03-2020 |
Фото галерея