Хонобод қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган 230 нафар оддий аскар тантанали равишда ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Маросимда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир ўғлон учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак ғурур ва ифтихор манбаига айланди. Шу билан бир қаторда, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар, имкониятлар, имтиёзлар ёшларимизнинг соҳага қизиқишини янада оширмоқда.

Эгнидаги ҳарбий либоси ярашиб турган алпқомат йигитларнинг аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, шу муқаддас заминимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга аҳд қилганини кўрган ота-оналарнинг севинчдан кўзлари ёшга тўлди.

Тадбирнинг бадиий қисмидаги кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар барчанинг кайфиятини кўтарди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларга  овғаси - "Темур тузуклари" ва "Ўзбекистон тарихи" китоблари тантанали тарзда топширилди.

  С.АЛЛАЁРОВА

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

26-04-2019 |
Фото галерея