Қарши шаҳри ва Чироқчи туманларида вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказган ёшлар билан учрашувида юртимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслигини айтиб ўтган эди.

Айни шу мақсадда, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ҳамда сектор раҳбарлари 2019 йил 31 декабрь ва жорий йилнинг 5 январь кунлари Қарши шаҳри ва Чироқчи туманларида “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида очиқ мулоқотлар ўтказди.

Қарши шаҳрида ўтказилган мулоқотларда 113 нафар фаол, ташаббускор ва интилувчан ёшлар иштирок этдилар. Аҳамиятлиси, учрашувда бир гуруҳ ёшлар юқори лавозимларга тайинланди.

- Вилоятимизда замон билан ҳамнафас, ташаббускор, ўз соҳасини пухта ўзлаштирган ёшлар муносиб иш ўринларига тайинланмоқда, - дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Аброр Аннаев. – Қарши шаҳрида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувидан сўнг 7 нафар ёшлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари таркибий бўлимларига ишга қабул қилинди.

Навбатдаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви Чироқчи туманининг “Чиял” қишлоғида ўтказилди.

Чироқчи туманида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувига иш излаётган ва чет элда иш топиш истагида бўлган ёшлар жалб қилинди. Жорий йилда туманда 24 та қурилиш объектлари лойиҳаларига 500 нафардан ортиқ ишчилар қамраб олинади, мазкур қурилишларда қўлида ҳунари бор ёшлар барқарор маош ва иш билан таъминланади.

Таъкидлаш керак, тегишли ташкилотлар иштирок этган учрашувда 5 нафар олий маълумотга эга ёшлар вилоят спорт бошқармаси, туман халқ таълими бўлими, туман ҳунармадчилик уюшмаси, ва туман архитектура бошқармаларига йўналтирилди. 40 нафардан ортиқ ёшлар эса 24 та қурилиш объектлари лойиҳаларига жалб қилиниб, ишга қабул қилиниши белгиланди.

Маълумот учун, вилоят ҳокими ва сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари давом этмоқда.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

06-01-2020 |
Фото галерея