Қарши маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Ўзбек, тожик, туркман, қозоқ ва қирғиз ёшлари дўстлиги абадийдир!" шиори остида ёшлар фестивали ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалга ўзбек ҳамда қардош миллатлар ёшлари, миллий-маданий марказлар фаоллари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

Ҳаёт тарзи, қадриятлари, урф-одатлари ўхшаш, ўтмиши туташ ушбу миллатлар ёшларининг ҳамжиҳатлигини тараннум қилган тадбир очилиш маросимида миллатлараро тотувлик, маданий алоқалар ривожининг бугунги аҳамияти ҳақида гапирилди. Турли миллат вакиллари томонидан ватанни, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди, миллий ва маданий чиқишлар намойиш қилинди.

Фестиваль давомида аждодларимизнинг мўғул босқинчиларига қарши кураши акс этган "Элпарвар" фильми намойиш этилди. Иштирокчиларнинг "Ватанпарварлар боғи" бўйлаб қилган саёҳати эсда қоларли бўлди.

Таъкидлаш жоиз, вилоят миқёсида илк бор ўтказилган мазкур ёшлар фестивалини эндиликда ҳар йили анъанавий тарзда уюштиришга келишиб олинди.

СОЖИДА

qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

23-04-2019 |
Фото галерея