Жорий йилнинг 22 январь куни “Орзуимдаги инсон билан учрашишни истайман” лойиҳаси доирасида ёшлар ҳамда вилоятдаги маданият ва санъат соҳаси намоёндалари иштирокида ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ташкилланган маъданий тадбирда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев, “Маъданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби Файзулла Исломов,  “Шуҳрат” медали соҳиби, рассом Азамат Сатторов ҳамда ”Дўстлик” ордени соҳиби Ойгул Халилова қатнашди.

Учрашувда таниқли санъат арбоблари ёшларга ўз ҳаёт йўли, кечаги ва бугунги санъат олами, натижаларга эришишдаги санъат аҳлининг меҳнати ва бошқа кўп нарсалар ҳақида сўзлаб беришди.

- Ёшларга санъатда из қолдирадиган шахс бўлишлари учун кучли амалиёт ва яхши маълумот олиш зарурлигини тушунтирдик, - дейди “Барон” фильми бош қаҳрамони Исоқ Тўраев. – Театрга мунтазам бориш ҳамда китоб мутолаа қилишни тавсия этдик. Албатта, бу ёшларимизнинг маданиятини ўстиради ва изланишларига туртки беради.

Шунингдек, тадбирда ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берган меҳмонлар образ, мусиқа ва суръатларни маромига етказишда муҳим жихатлар тўғрисида тўҳталиб ўтишди. Кўтарингки руҳда ўтган учрашув сўнггида ёшларга ўзбек дурдона асарлари тақдим этилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

23-01-2020 |
Фото галерея