Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, журналист ва  блогерлар!

Сўзим аввалида барчангизни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман. Юксак эҳтиромимни ҳамда эзгу тилакларимни билдираман.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун!” ғоясини татбиқ этиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли тобора ортиб бораяпти. Республикада қўлга киритилган энг катта ютуқлардан бири бу албатта, давр талаби бўлган - ошкоралик ва сўз эркинлигидир.

Жамият қурилиши, демократик янгиланишлар, баркамол инсон тарбияси, халқ фаровонлиги, маънавий-маърифий юксалишларни амалга ошириш - ана шундай кенг қамровли ишларда ҳар бир ватандошимизнинг иштирокини таъминлаш борасида соҳа вакилларининг нақадар залворли меҳнати борлигини барчамиз чуқур ҳис этаяпмиз.

Атрофда юз бераётган янгиликларнинг, эзгу ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига жасорат билан кириб борадиган соҳа вакиллари шарафли ва машаққатли фаолияти билан юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшмоқдалар.  

Бугун матбуот ходимлари, журналист ва блогерлар халқимиз кутган мавзуларда ёзиб, жойларда ечимини кутаётган ижтимоий муаммолар, камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини жалб этаётганини алоҳида айтиб ўтишим керак. Бу эса давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда кўзланган самарани бермоқда. Сирасини айтганда, раҳбар ходимлар матбуот  билан  ҳамкорликнинг афзалликларини сезишяпти. Матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилиб, соҳалар кесимида олиб борилаётган ишларга назар солинмоқда, таҳлил қилиняпти. Ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкорлик билан муносабат билдирилмоқда, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалар орқали одамларга  маълумот берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби:  Ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги – Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланди.

Айни кунда Қашқадарё вилоятида 38 та газета, 4  та журнал, 2 та телевидение ва 2 та радио фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари воҳамизда   70   дан ортиқ матбаа корхоналари, 8 та нашриёт фаолият юритиб келаяпти. Матбуот ва ОАВ соҳаларида 500 га яқин соҳа ходимлари иш олиб боришмоқда.

Воҳамизнинг отахон газетаси “Қашқадарё” газетаси 97 йиллик тарихига эга бўлиб, бу улуғ даргоҳда устоз журналистлар Самар Нуров, Хосият Лутфуллаева, Гелди Бердиев, Самад Қодиров, Сувон Соқиев, Рўзи Нурматов, Александр Соснин, Аҳрор Самариддинов, Пўлат Гадоев, Мусо Каромов, Сайёра Зоирова, Музайям Муйинова, Нарзулла Равшанов каби соҳа вакилларидан фидойилик, жонкуярлик сабоқларини олган шогирдлар бугун улар ишини астойдил давом эттиришмоқда.

Қашқадарё радиосига тамал тошини қўйган, 35 йил шу даргоҳда раҳбарлик қилган, устоз журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қурбон Эгамбердиев бошлаб берган радио мактабининг жарангдор овози бугун ҳам қалбларга сўз сеҳри орқали илм, билим бериб келмоқда.

1995 йилда ўзининг дастлабки кўрсатувларини эфирга узатган вилоят телевидениесининг ривожланиши, телемарказ биносининг қурилишида жонбозлик кўрсатган устоз, журналист Ҳусан Темировнинг меҳнатларини алоҳида тилга олиб ўтмоқчиман.

Бугунги ахборот асрини интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис ҳаётимизга жадаллик билан кириб келган интернет журналистикаси ва блогерлик ҳам одамларнинг яқин ҳамкорига айланди. Бу борада ҳам воҳамиз вакиллари республикада ўзига хос нуфузга эгадирлар. Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари билан кўплаб мухлисларига эга бўлган блогерлар Ҳусан Комилжонов, Умид Каримов, Жавоҳир Бахтиёров, Умид Нормуратов, Азизбек Яздурдиев  номини кўпчилик яхши билади. Улар одамларни қийнаб келаётган муаммоларни тезкорлик билан ёритиш, масъулларга етказиш ва уни ҳал этишда халқ билан ҳамнафас бўлиб иш юритишмоқда.

Шу ўринда  давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ташкил этилган ва бугун ўз самарасини кўрсатаётган яна бир соҳа –  матбуот хизмати ходимлари меҳнатини ҳам алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз деб биламан. Вилоят миқёсида 37 та ташкилот ва маҳаллий ҳокимликларда мазкур хизмат самарали ташкил этилган бўлиб, Гулнора Узоқова, Нуриддин Эгамов, Ўлмас Баратов, Мирзоҳид Жўраев, Отабек Қўлдошев, Дилшод Набиев ва Қаҳрамонжон Оқиловлар каби соҳа ходимларининг ўзига хос иш услуби, мавзуга ёндашуви қисқа фурсатда кўпчиликнинг эътиборига тушган.   

Вилоят фотожурналистикаси саҳифаларини ўз ижодий ишлари билан бойитиб келаётган Муродулла Комилов, Шомурод Шаропов, Собир Нарзиев ҳамда Жамшид Норқобиловларни чин маънода вилоятнинг тарихий лавҳаларини суратларда муҳрлаб келаётган нигоҳи ўткир соҳа ходимлари десам, муболаға қилмаган бўламан.

Президентимиз ташаббуслари билан халқимиз  янги уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Айни кунларда хабарингиз бор, юртимизнинг тараққиёт босқичига мос ва хос бўлган Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини такомиллаштириш борасида аҳоли билан фикрлашилмоқда. Айни бу жараёнда матбуот ва ОАВ лари боғловчи кўприк, таклифларни билдиришда минбар вазифасини ўтайди.

Хабарингиз бор, бугун муҳтарам Президентимизнинг "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Мукофотланганлар орасида вилоят телерадиокомпанияси ижодий муҳарририят бош муҳаррири Гулчеҳра Алиқулованинг борлиги, бу албатта қашқадарёлик ижодкорларга билдирилган ишонч ва эҳтиром эканини айтиб ўтмоқчиман. Ушбу ютуқ билан телерадиокомпания жамоасини ва журналистни қизғин  табриклаймиз.

Элимиз ҳамиша ижодкор, журналистлардан азму қатъийлик билан иш тутишни, сўзни қадрлашни, холис ва ҳаққоний бўлишни, таълим-тарбия ишига муносиб ҳисса қўшишни, миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари дадил одимлашда елкадош бўлиб илгари боришни кутмоқда. Бу йўлда тиним билмай ишлаётган, ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётган, ўқувчи, томошабин, тингловчига фикр бериш орқали тафаккур тарбиясига улуш қўшаётган маърифатли қалб соҳибларига, соҳа ходимларига эҳтиромимни билдираман.

Ҳурматли матбуот ва  оммавий ахборот воситалари ходимлари!   

Сизларни байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга файзу барака тилайман. Элимизнинг  олқишини олиб, меҳнатларингиз роҳатини кўринг. Касбингиздан барака топинг.

Байрамингиз муборак бўлсин!

28-06-2022 | Ижтимоий | 129
Фото галерея