Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 2019 йил 4 май куни давлат-хусусий шериклик асосида барча қулайликларга эга “Асилабегим” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди.

Муассасада 100 нафар болаларни тарбиялаш режалаштирилган бўлиб, шундан 25 нафарини ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ташкил этади.

Муассасанинг очилиш маросимида вилояти ҳокими З.Рўзиев, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи А.Алимардонов, шаҳар ҳокими Ж.Фозилов, нуроний отахонлар, онахонлар, маҳалла фуқаролари ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этди ҳамда муассасада яратилган шароитлар билан танишишди.

Юртимизда мактабгача таълимга бўлган юксак эътибор ҳамда яратилган шарт-шароитлар натижасида тадбиркор Очилова Нилуфар томонидан 2019 йилнинг март ойида банкдан 500 миллион сўм имтёзли кредит маблағлари олиниб, ўзига тегишли бўлган замонавий бинони жиҳозлаш ишлари бошланган эди.

Бугунги кунда жиҳозланиб битказилган “Асилабегим” номли давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасида болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари, соғлом улғайишлари учун барча қулайликларга эга.

Муҳташам бино, малакали мутахассислар жамоаси, замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, алоҳида ошхона, сайр қилиш учун боғ, ўйин атракционлари, сузиш ҳавзаси, жонли бурчак барчаси болажонлар хизматида.

Масканда таълим-тарбия жарёни илғор хорижий тажрибалар асосида олиб борилмоқда. Рус, инглиз тиллари чуқур ўргатилади ва расм, бадиий гимнастика, сузиш, рақс тўгаракларида малакали мутахассислар машғулот ўтмоқда.

Бир сўз билан айтганда, болаларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишлари учун муассасада барча имкониятлар яратилган.

 

                                                 Вилоят  ҳокимлиги  ахборот хизмати

06-05-2019 |
Фото галерея