Қаршида ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича Ўзбекистон “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти чемпионати бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ҳамда объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бошқармаларининг жами 17 терма жамоа иштирок этди.

Чемпионатда жамоалар 4х100 метрли ёнғин ўчирувчилар эстафетаси, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш ҳамда ёнғин ўчириш автомобили орқали жанговар ёйилиш турлари бўйича имкониятини синовдан ўтказди.

Мусобақа натижаларига кўра, 4х100 метрли ёнғин ўчирувчилар эстафетаси тури бўйича учинчи ўринни Навоий вилояти жамоаси, иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси ва фахрли биринчи ўринни Қашқадарё вилояти терма жамоаси эгаллади.

100 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсида учинчи ўринни Тошкент вилояти, иккинчи ўринни Бухоро вилояти ва биринчи ўринни Андижон вилояти вакиллари эгаллади.

Ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилишда учинчи ўринни Тошкент шаҳар, иккинчи ўринни Андижон вилояти ва биринчи ўринни Қашқадарё вилояти жамоаси қўлга киритди.

Тўртинчи, ёнғин ўчириш автомобили орқали жанговар ёйилиш турида бухороликлар учинчи, сурхондарёликлар иккинчи ва Тошкент вилояти жамоаси биринчи бўлди.

Тўртта тур натижалари бўйича умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни Қашқадарё вилояти, иккинчи ўринни Ёнғин хавфсизлиги институти ва фахрли биринчи ўринни Бухоро вилояти жамоалари эгаллади.

– Бу каби мусобақалар ходимларнинг ўз касбини мустаҳкам эгаллашига хизмат қилади, – дейди Қашқадарё вилояти ИИБ ЁХБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари, подполковник Фарҳод Қуватов. – Боиси ёнғин ўчириш ҳодисаси ўт ўчирувчидан ниҳоятда чаққонликни, ҳаракатчанликни, иродалиликни, ҳушёрликни талаб қилади. У ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши керак.

Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган ҳар бир жамоа аъзолари “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Ўлмас  Баротов

 

23-04-2019 |
Фото галерея