30 апрель куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида Ғузор туманида 2021 йилда амалга ошириладиган ишларни жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Мазкур йиғилишда барча соҳалар бўйича ишлар таҳлили, лойиҳалар тақдимоти ва амалга ошириш механизмлари маҳалла аҳли, депутатлар ва ОАВ вакиллари кўз ўнгида музокара қилинди.

Ғузор туманида ўтказилган тақдимотда вилоят коммунал хизматлари раҳбарлари ҳисобот беришди.

27 та қишлоқни сув билан таъминлаш концепцияси ишлаб чиқилган. 70 фоиз аҳоли 24 соат сув билан таъминланади. Бунинг учун эса 69 млрд сўм миқдорида маблағ сарфланади. Сув манбаи Яккабоғ туманидир.

Ушбу йилда Ғузор туманида электр таъминотини яхшилаш учун 10,3 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилда 1,3 млрдни ташкил этган. Мазкур маблағ ҳисобидан 81 км линия тортилади, 29 дона трансфарматор янгиланади. “Батош” МФЙ учун эса ушбу маблағлардан 2,7 млрд сўм ажратилади. 12 км тармоқ ва 5 дона янги трансфарматор ўрнатилади.

Тақдимотлар давомида арзон уй-жойлар бўйича ҳам тақдимотлар қилинди.

- Асосан, уй-жой ажратилиши бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади, - дейди вилоят раҳбари. – Шу боис, ҳозир тайёрланган арзон уй-жойлар бўйича тақдимотни депутатлар тезис шаклида билиб олиши керак. Адолат қачон бўлади, аҳоли билиши керак, давлат томонидан яратилаётган имкониятларни, Президентимиз ташаббуси ортидан бўлаётган ислоҳотлар мазмунини англаши керак. Депутатлар, жамоатчилик содда тилда аҳолига етказиши, уй-жойнинг ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга ажратилишида жонбозлик кўрсатишлари керак.

Тақдимотга кўра, туманда 5 қаватли 40 та кўп қаватли уйлар қурилади. 42 квметрлик 2 хоналик уйларнинг ўртача қиймати 180-185 млн сўм, 52 квметрлик кириб яшаш учун тайёр ҳолатдаги 3 хонали уйлар 205 млн сўм атрофида бўлади. Уйлар учун 15 фоиз миқдорида бошланғич тўлов амалга оширилади. Кредит фоизи эса 14 фоиз бўлиб, 20 йил муддатга ажратилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар учун уй қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади.  30 та якка тартибдаги хонадонлар учун кредитлар ажратилади. Бунда бир хонадонда 5 ёки олтита хўжалик истиқомат қилувчи оилаларга ўз томорқасида иморат қуриши ёки бошқа ҳудудда аукцион орқали харид қилинган ер майдонида уй қуриши учун 14 фоиз миқдорида 20 йилга кредитлар ажратилади. Қишлоқ қурилиш инвест томонидан эса 5 қаватли иккита уй-жой қурилади. Бошланғич бадали 25 фоиз бўлиб, 5 йил 7 фоиз миқдорида, кейинги ўн беш йил асосий ставкада берилади. 1 квметри нархи эса 3 млн 850 мингни ташкил этади.

Тақдимотда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев ҳам жамоатчиликка ҳисобот берди.

Ғузор аҳолисига “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 31 млрд, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 2,6 млрд, Ҳунармандчилик йўналиши бўйича 2,5 млрд, Бандлик жамғармасидан 778 млн, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 3,291 млрд, Ёшлар келажагимиз доирасида 4,118 млрд жами ҳисобда 44 млрд 448 млн сўм кредитлар ажратилади. Боғдорчилик каби даромад олиш учун вақт талаб қилинадиган йўналишлар учун 5 йилгача, қолган йўналишларда 3 йил муддатга, 6 ой имтиёзли давр, йиллик 14 фоиз ставкасида кредитлар ажратилади.

33 млнгача бўлган кредитлар ҳеч қандай гаровсиз, сектор раҳбарларининг кафолати билан ажратилади.  Маблағлар ҳар бир маҳалланинг аҳоли сони, тадбиркорликка бўлган иштиёқи ва эҳтиёжидан келиб чиқиб тақсимланган. 1-сектор 13 млрд 408 млн, 2-сектор 12 млрд 404 млн, 3 сектор 9 млрд 303 млн, 4 секторга 9 млрд 333 млн сўм ажратилган.

У.Бутаев кредитлар ажратилишида темир дафтарга киритилган, эҳтиёжманд ва иштиёқи борларга устуворлик берилишини ҳам айтиб ўтди.  Шунингдек, ўринбосар, берилаётган кредитлар йўналишлари ва субсидиялар бўйича ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, фуқаролар томорқасига сув чиқариш учун ҳам 33 млн сўмгача 14 фоиз ставкасида кредит расмийлаштиришлари имкони бор.

01-04-2021 | Ижтимоий | 110
Фото галерея