Қашқадарёда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Иштирокчилар соҳага доир билими, фуқаро муҳофазаси ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш ҳамда белгиланган вақтда палатка ёйиш, фавқулодда вазиятларда зарур бўладиган жисмоний машқларни бажариш, 60 метр масофага тўсиқлар оша эстафетали югуриш каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.

– Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим мудири Аҳрор Содиқов. – Мазкур мусобақа навқирон авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига оид билимини бойитиш, ёшларда фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгаларга ёрдам бериш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Якуний натижаларга кўра, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти қошидаги академик лицейи жамоаси ва Қарши шаҳридаги 34-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади ҳамда мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ўлмас Баротов

 

26-04-2019 |
Фото галерея